НОСВОЙЧИЛИК: БИЗНЕСМИ ЁКИ ЗАРАРКУНАНДАЛИК?

Image_tadbir: 

Савдо-сотиқнинг кўринмас қонунияти бор. Дўконнинг йирик савдо марказида ёки унга яқин масофада  жойлашувида бир қаричга фарқ қилса, савдо касодга учрайди. Шу сабаб, савдогарлар бизнес фаолиятларини бошлашдан олдин аҳоли кўп тўпланадиган жойни эгаллашга ҳаракат қилишади. 
Каттақўрғон деҳқон бозорининг Нарпай канали бўйлаб кириш дарвозаси  гавжум ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда оддий игнадан тортиб энг зарур уй-рўзғор буюмигача топишингиз мумкин. Миллий анжомлар, ҳунармандчилик намуналарини кўрсангиз кўзингиз қувонади. Аммо ҳозир пиёдалар кўпригидан ўтишингиз билан дарвозага қадар ҳудудда жойлашган носвойчилик -“яшил бизнес маркази” ҳақида тўхталмоқчимиз.
Юқорида таъкидланганидек, энг бозорбоп манзилда бемалол ястаниб жойлашган бу  “бизнесмен”лар савдоси тобора ривожланмоқа. Бадбўй ҳид таралиши, сотувчиларнинг тинмай кимузарга ҳар турли чақириқлари, бирор PR компаниясининг хатто тушига ҳам кирмаган моҳирона рекламаси... Энг ёмони, носвой пештахтасидан истаган ёшдаги киши маҳсулот сотиб олиши,  асосийси  агар татиб кўрмоқчи бўлсангиз, текин(!)га бу ишни амалга ошириш имконияти бор. Сотувчининг ишончи комил: “Бир марта чекиб кўрган одам керак бўлса етти қават осмондан ҳам  “маъраб” қайтиб келади”...
 Носвойни фойдали томонини излаб, бирор адабиётдан ижобий таъриф тополмадим. Аммо Марказий Осиёда пайдо бўлган бу маҳсулот аллақачон дунёга ёйилишга улгурганини кўрдик. Масалан, ёшлар орасида носвой чекиш пайдо бўлиб, урчиб кетгани учун энг аввал россияликлар, сўнгра, Беларусь врачлар ассоцияцияси, Эстония ОАВлари шовқин кўтаришди. Натижада, номлари келтирилган давлатларда махсус қарор билан аҳолининг саломатлигига зарар келтирувчи восита деган таъриф асосида  давлат ҳудудига киритиш ман этилди.  
 Қўшни Туркманистонда носвой ишлаб чиқариш, сотиш таъқиқланган бўлса, Козоғистонда наркотик модда ва психотроп моддалар рўйхатига киритилди.Айни пайтда телевидение ва матбуотда тамаки, алкоголь маҳсулотлари рекламаси таъқиқланган. Аммо,уйда қўлбола шароитда  тайёрланаётган носвойларнинг тарғиботи қачон чекланади? Келиб чиқиши номаълум, организм учун ғирт зарар манбаи бўлган бу маҳсулот бозорда қатор-қатор қилиб териб қуйилган расталарни ким назорат қилади?
  Мутахассисларнинг фикрича, носвой истеъмоли қилган инсоннинг  оғиз бўшлиғи рак хасталиги билан касалланиш даражаси жуда юқори. Тожикистонлик врачларининг айтишича, 2019 йилнинг биринчи ярмида   республикада саратон касаллиги билан вафот этганларнинг 71 фоизи мунтазам равишда носвой истеъмол қилганликлари маълум бўлган. Наркологлар, бу балодан энг аввало ўсмирларни асраш керак, деб бонг уришади. Сабаби, кўринишидан беозордек туюлган бу “яшил вабо”ни истеъмоли туфайли ёшларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишида оқсашлар, никотин қарамлиги,  хотира сусайиши каби иллатлар пайдо бўлади.
Нос савдоси ва у сабабли келиб чиқадиган муаммоларга мутассадилар баҳосини берар. Мен эса ўзимизнинг ота ва оналаримиз бунга эътибор беришларини истардим. Чунки  ҳеч ким ўз фарзандини бозорга юборганда боласининг  бу осон, арзон ва ярамас реклама тузоғига тушиб қолиши мумкинлигини билмайди.

Жамшид НОСИРОВ

2015-2019 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM