Ҳоким янги туғилган чақалоққа атаб ниҳол экди

Дарахтларга меҳр бериш, уларни парваришлаш ҳам баҳорнинг, Наврўзи оламнинг хайрли ва эзгу амалларидан яна биридир. Қолаверса, кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир.
Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам улғайган. Лекин, кейинги йилларда ушбу анъанага халқимиз орасида эътибор камайган.   

Бугун шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ушбу хайрли анъанани давом эттирган ҳолда янги чақалоқ дунёга келган Маҳаллалар уюшмаси шаҳар бўлими бошлиғи Абдулла Рахмоновнинг  хонадонига ташриф буюрди. Оиланинг янги меҳмони, қизалоқни қўлга олган шаҳар ҳокими уни келгусида илм-маърифатли, оқила қиз бўлиши, юртимиз, шаҳримиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб вояга етишига тилак билдирди ва яхши ният билан ниҳол ўтқазди.

Ўйлаймизки, Каттақўрғон шаҳрида бу каби эзгу қадрият кенг қулоч ёяди. Албатта, янги туғилган фарзандларга атаб экилган ниҳоллар шаҳримиз ободлигига ва кўкаламлигига ҳам хизмат қилади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати. 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM