Обод ва файзли маҳалла-юрт кўрки

Халқимизнинг севимли ҳамда баҳорнинг энг гўзал ва тароватли байрами - Наврўзи олам миллий қадриятларни ўзида мужассам этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро, юрт ободлиги йўлида узаро ҳамжиҳатлик ва уюшқоқлик асосида ташкил қилинадиган умумхалқ ҳашарларининг ҳам Наврўз арафасида ўтказилиши фикримизнинг ёрқин исботидир.

“Обод ва файзли маҳалла — юрт кўрки” шиори остида ташкил қилинган ушбу хайрли тадбир Каттақўрғон шаҳрида ҳам уюшқоқлик билан бўлиб ўтмоқда.

Буни 1-сектордаги “Кўҳнадам” маҳалласи ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда иштирок этаётган маҳалла аҳлининг юз кўзларидаги кўтаринкилик мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ушбу тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бу каби хайрли ишлар шаҳримизни янада обод, хонадонларни ораста, маҳаллаларни озода қилиш билан бирга инсонлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик каби қадриятларни янада юксалтириш билан ҳам халқимизда эзгу анъана ҳисобланишини таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги умумхалқ ҳашарида шаҳримиз ободлигига муносиб ҳисса қўшишни ният қилган каттақўрғонлик кекса-ю ёшлар, хотин-қизлар, барча соҳа вакиллари ташаббус кўрсатмоқдалар.

Бугунги умумхалқ ҳашари доирасида ҳозирга қадар иштирок этган 10 мингга яқин  ҳамшаҳарларимиз томонидан 11 гектар ер майдонлари ободонлаштирилди, 5 км узунликдаги ариқ ва латоклар тозаланди, чиқиндилар чиқарилди. Ушбу ишларга 30 дан ортиқ махсус техника воситалари жалб этилди. Шаҳар ҳудудидаги 7 та қабристон ва битта зириётгоҳ, 12 та болалар майдончалари, 136 та кўчаларда ободонлаштириш тозалаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 24 мингдан ортиқ дарахтларга шакл берилиб, 7000 га яқин мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатларилари экилди.

Ҳашар шаҳримиз бўйлаб давом этади.

 

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM