КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ АЛИМОВА ГАВҲАР ЗАЙИРОВНАНИНГ 8 МАРТ -ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум муҳтарама ва мунис онахонлар, латофатли ва гўзал опа-сингиллар!

Авваламбор барчангизни 8-март - Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Аёл деганимизда кўз олдимизга не-не буюк инсонларни дунёга келтирган мунис оналаримиз, лобар қизларимиз, оилаларимизнинг файзи ва фариштаси бўлган опа-сингилларимиз келади.

 Инсоният яралибди-ки, яратганнинг мўъжизаси бўлган аёлларга бўлган муҳаббат ва эҳтиром бир дақиқа бўлса-да сўнган эмас.

Аёл шеъру-ғазаллар муждаси, дилбар куй-қўшиқлар навоси, иффат, ибо, ҳаё маликаси, назокат соҳибаси, ажиб дунё таровати-ю, гўзал ҳаёт ифоридир.

Аёллар фазилатларининг адоғи йўқ. Неча-неча асрлар-ки, шоиру - фузалолар мадҳ этиб тугатолмагай. Аёл борки кўнгилларда баҳор яшайди, бутун борлиқ завқ-шавққа тўлади.

Аёл-мўътабар она, суюкли ёр, жондан азиз қиз сифатида улуғланиб келинади. Аёл-севги ва муҳаббат рамзи, вафо-садоқат тимсоли, оила шамчироғидир.

Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганидек, "Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз. Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, албатта”, -деган сўзлари ҳам биз аёлларга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг юксак намунасидир.

Азиз опа-сингиллар!

Мамлакатимизда бугун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, ҳурмат ва эътиборини ошириш, ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган десак, муболаға бўлмайди.

Шу ўринда каттақўрғонлик хотин-қизларнинг ҳам турли соҳалар бўйича раҳбарлик лавозимида, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб, шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётганларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шаҳар аҳолиси 95 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Бугунги кунда 370 нафар хотин-қизлар бошқарув соҳасида, 14 нафари шаҳар ва вилоят кенгаши депутати, 700 нафари мактаб, 800 нафарга яқини мактабгача таълим, 63 нафар олий таълим, 1000 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритиб келмоқдалар. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 100 нафар фаол хотин-қизлар захирага олинган. 

Ҳурматли хотин-қизлар!

Бугун олийгоҳларда таҳсил олаётган қизларимизнинг сафи кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу натижалар ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари барчамизга яхши аён. Донишмандлар: «Бир қизни ўқитсангиз – бутун миллатни, бутун жамиятни, бутун оилани ўқитган бўласиз», дея бежиз таъкидламаганлар.

Шу ўринда мамнуният билан айтамизки, бугун шаҳримизда фаолият юритаётган Самарқанд Давлат университетининг Каттақўрғон филиалида таҳсил олаётган 2000 дан ортиқ талабаларнинг 1615 нафарини яъни, 79 фоизини қизларимиз ташкил қилади.

Ўтган йилда шаҳримиз умумтаълим мактабларини тамомлаган 461 нафар қизларнинг 219 нафари турли олийгохларнинг талабаси бўлдилар, 19 нафар қизлар мактабни олтин медаль билан тамомладилар.

Келгусида уларнинг орасидан ҳам шаҳримиз, вилоятимиз ва республикамизни ҳар томонлама тараққий эттиришда, таълим-фан соҳаларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшадиган ажойиб олималар, фан докторлари етишиб чиқишига ишонамиз.

Бугун шаҳримиз ўқувчи-қизларининг спортдаги ютуқлари алоҳида эътрофга лойиқ. Уч карра Ўзбекистон, икки карра Осиё чемпиони Севара Маматова Арманистонда бўлиб ўтган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Жаҳон чемпиони камарани қўлга киритганлиги билан нафақат шаҳримиз, балки вилоятимизнинг фахрига айланди. Албатта, биз фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмаган, уларнинг келажаги учун барча шарт-шароитларни яратиб бераётган ота-оналарга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Биз каттақўрғонлик ўқувчи-қизлар орасидан ҳам келажакда бўлажак Тумарис, Анбар отин, Бибихоним, Зебунисо, Увайсий, Нодирабегим, Ҳадича Сулаймонова, Зарифа Саидносирова, Зулфия Исроилова, Суюма Ғаниева, Ҳалима Худойбердиева, Ҳалима Носирова сингари буюк истеъдод ва иқтидор соҳибалари чиқишини астойдил истаймиз.

           Қадрли опа-сингиллар!

Шу ўринда давлат ва жамоат ишларида самарали меҳнат қилаётган шаҳримиз хотин-қизлари 2023 йилда бир қатор қўлга ютуқларни қўлга киритдилар.

Жумладан, 12 мактаб директори Наталья Петрова “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ ўқитувчиси” фахрий унвони соҳиби бўлди. 17-мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Махлиё Турдиева, 6-мактаб математика фани ўқитувчиси Цхай Белла, 19-Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Камола Баширова, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан "Халқ таълими аълочиси",  3- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Юлдуз Комилова, 22-Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Мастура Мирзаевалар "Халқ таълими фидойиси" кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.

Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Замира Ахатованинг «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланганлиги ҳам қувонарли албатта.

Жорий йилда ҳам бу борадаги мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда шаҳримиздаги хотин-қизлар учун фаровон ва бахтиёр ҳаёт тарзини яратиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, оилалар тинчлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги аёлларни ҳаётда ўз ўринларини топишда моддий ва маънавий томондан кўмаклашиш каби ишларни давом эттириб, хотин-қизларимизни жамиятнинг фаол ва ташббускор аъзосига айлантирамиз

Азиз каттақўрғонликлар!

Мен бугун сизнинг вакилингиз сифатида шаҳримизни янада равнақ топтириш, аввало Сиз, азизларнинг орзу-ниятларингиз ва манфаатларингизни рўёбга чиқаришни ўз олдимга катта вазифа қилиб қўйганман. Бу борада сизнинг ҳам менинг ёнимда туриб, халқимиз тинчлиги ва равнақи йўлида биргаликда Ватанимизга ҳизмат қилишингизга ишонаман.

МУҲТАРАМ ОНАХОНЛАР, МУНИС ОПА-СИНГИЛЛАР!

Барчангизни яна бир бор Халқаро хотин-қизлар байрами билан қутлайман. Сизга оилавий хотиржамлик, саодатли узоқ умр, мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-тотувлик ва қут- барака тилайман! 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM