АҲОЛИНИ  РЎЙХАТГА  ОЛИШ  НИМА УЧУН  КЕРАК?

Тарихий манбаларга назар соладиган бўлсак, аҳолини илк рўйхатга олиш қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Бундан асосий мақсад одамлардан солиқ йиғиш, бож олиш ҳамда ҳарбий сафарбарлик учун уларнинг сонини аниқлаш бўлган. Шу боисдан рўйхатга олишда асосан эркакларга эътибор қаратилган.

Аҳолини энг биринчи расмий рўйхатга олиш 1790-йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Швеция ва Финляндияда, 1801-йилда Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо бу аҳоли рўйхатлари жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, АҚШда илк аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.

ХIХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879-йилларда дунёнинг 48 та, 1890-йилларда эса 57 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган. ХIХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897-йилда Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан ўтказилган. Бу борадаги маълумотлар ХIХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар (ва аҳоли) сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989-йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган ва охирги марта, яъни 1989 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирида республикамиз аҳоли сони 19,7 млн. киши деб, эълон қилинган. Шундан кейин бугунги кунгача республикамизда ушбу тадбир ўтказилмаган.

БМТ томонидан аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳар 10 йилда ўтказилиши тавсия этилади.

Шу сабабли, ҳукуматимиз томонидан республикамизда ушбу тадбирни ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5655-сон Фармони, 2020 йил 16 мартда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги ЎРҚ-611-сон Қонуни ва  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди.

Энг аввало, “Аҳолини рўйхатга олишўзи нима ва нима учун керак” деган савол туғилади?

Аҳолини рўйхатга олиш— бу мамлакат аҳолисини муайян вақтдаги “фотосурати”ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.

Кенг маънода айтадиган бўлсак, аҳолини рўйхатга олиш—мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10—30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради.

Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади—Ўзбекистон Республикасида аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган, халқаро таққослана оладиган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири иқтисодий жиҳатдан бизга нима беради?

Биринчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ҳисоблашда фойдаланилади.

Иккинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.

Учинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда ишлатилади.

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни олдиндан баҳолаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, илм-фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM