ШАҲАР ҲОКИМИ КАТТАҚЎРҒОНЛИК ЖАҲОН ЧЕМПИОНИНИ ЭЪТИРОФ ЭТДИ

Мамлакатимизда ёшлар спортига берилаётган эътибор натижасида бугун кўплаб ёшларимиз спорт соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритмоқдалар. Мана шундай ютуқларга эришаётган ёшлар орасида каттақўрғонлик спортчи ёшларнинг ҳам борлиги қувонарли.

Бугун шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирокида  ёшлар, жамоатчилик вакиллари билан бўлган учрашувда ана шундай спортчи ёшлардан бири, жаҳон чемпиони камари сохиби бўлган Каттақўрғон фахрига айланган Севара Маматованинг ютуқлари эътироф этилди.

Шаҳар ҳокими Каттақўрғон шаҳри қизлари орасидан жаҳон чемипиони чиққанлиги бу албатта юртимизда бўлгани сингари шаҳримизда ҳам ёшлар спортига алоҳида эътибор берилаётганлиги, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитларнинг яратилганлигининг исботи эканлиги ҳақида сўз юритди.

-Бу каби ютуқларда шаҳар Спорт мактаби мураббийлари ҳамда умумтаълим мактабларининг спорт ўқитувчиларининг хизматлари муносиб бўлмоқда,- дея таъкидлади шаҳар ҳокими ўз сўзида. Шу жумладан, бугун шаҳримизнинг фахрига айланган Севара Маматованинг ютуқларини алоҳида эътироф этиш ўринли.

Спорт мактаби бокс тўгараги аъзоси, 3 умумтаълим мактаби ўқувчиси Севара октябрь ойида Бокс бўйича Осиё чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этиб мутлақ ғолиб бўлган эди. Орадан ҳеч вақт ўтмай Жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб бўлган Севара нафақат шаҳримиз, балки вилоятнинг фахрига айланди. Арманистонда бўлиб ўтган ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 57 кг вазн тоифасида Ҳиндистон давлати вакиласини мағлубиятга учратди ва Жаҳон чемпиони камарани қўлга киритди.

Шаҳар ҳокими ушбу муваффақият билан Севара Маматованинг ота-онаси, мактабдаги устозларини муборакбод этаар экан, албатта, Севаранинг ана шундай ютуқларни қўлга киритишида устозлик қилган спорт мактабидаги мураббийи Тошкентбой Мелиевга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек тадбирда сўзга чиққан шаҳар прокурори Исмоил Нуриддинов ҳам чемпион қизнинг ота-онаси ва устоз-мураббийларини ушбу муваффақият билан муборакбод этди ва келгусида олимпия чемпионлигини қўлга киритишини тилади.  

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Севаранинг келгусида янада юқори марраларни қўлга киритишини таъкидладилар.

Шундан сўнг чемпионга ва унинг устозига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзининг дил сўзларини изҳор этар экан Севара ўзининг эришган ютуқлари замирида юртимизда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларнинг яратилгани, қолаверса ота-онаси ва устоз-мураббийларининг машаққатли меҳнатлари мужассам эканлигини билдирди ва тенгдошларини ҳам бу каби имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳамда спорт билан шуғулланишга чорлади.  

Биз  ҳам Севара Маматовага келгусидаги ўқиш ва спорт соҳасидаги ишларига улкан зааарлар тилаймиз.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM