Каттақўрғон шаҳрида Сайёр суд ўтказилди

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка карши курашишда содир этилган қонунбузарлик ҳолатлари учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш билан бир қаторда келгусида шу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида ишларни сайёр суд тартибида кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, бугун жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан Каттақўрғон шаҳар театри биносида ҳуқуқбузарликни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ўтказилган сайёр суд мажлисида Каттақўрғон шаҳар, Каттақўрғон ва Пахтачи туманларида содир этилган 22 та маъмурий ва 2 та жиноий ишлар кўрилди.

Ўтказилган сайёр суд мажлисининг якуний қарорига кўра 3 та иш бўйича тарафлар яраштирилди. 14 та иш бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш жазолари, 2 та жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари 5 та фуқарога нисбатан тегишли жарима белгиланди.

        Шуни таъкидлаш лозимки, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижросини таъминлашда Пробация хизматининг асосий вазифаси сифатида жазо муқаррарлигини таъминлаш баробарида, назоратга олинган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришдан иборатдир.

Жумладан, бугунги сайёр суд жараёнида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан Пробация хизмати ҳисобида турган 7 нафар назорат остидаги шахслар тузалиш йўлига ўтганлиги боис муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.  

Шунингдек, Пробация ҳисобидаги бир нафар фуқаронинг берилган имкониятдан тўғри фойдаланмай келганлиги сабабли ўталмай қолган жазо муддати озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Сайёр суд жараёнида маҳкумларга жазо ўташ тартиби, белгиланган қоидаларга тўлиқ риоя қилганларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган енгилликлар ҳамда жазодан бўйин товлашнинг хуқуқий оқибатлари ҳам тушунтирилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM