“Яшил инвестиция”: Хитойдан – Каттақўрғонга

26-28 ноябрь кунлари Хитой давлатида  ўтиши белгиланган  “Углерод нейтраллиги” мавзусидаги кам углеродли шаҳарларнинг халқаро форумида Ўзбекистон Республикасидан  ҳам вакиллар таклиф этилган. Таклиф этилган делегация таркибида Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосари Жамшид Носиров ҳам ушбу Форумда иштирок этди.

Форумнинг биринчи  очилиш кунида яшил энергияни ишлаб чиқариш уни автомбилсозлик, халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида самарали қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур форум доирасида ўтказилган  “Шэньчжэнь – Марказий Осиё нол карбонли шаҳар саноат кооперацияси” номли халқаро конференцияда иштирокчи давлатларнинг вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик режалари юзасидан келишувлар амалга оширилди.

Халқаро форумда “Яшил ва паст углеродли шаҳар концепцияси” мавзусида сўзга чиққан Жамшид Носиров Ўзбекистон Республикасида келажак энергияси бўлган яшил энергияни ишлаб чиқариш ва уни қўллаш борасида олиб борилаётган, хусусан Каттақўрғон шаҳрида яшил иқтисодиётни амалга ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

-Ушбу эртакнамо Шэньчжэн шаҳридаги яшиллик бошқалар сингари мени  ҳам ҳайратга солди. Шаҳарчадаги барча соҳалар яшил энергия асосида амалга оширилади. Албатта, бу борада ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади, - дейди Жамшид Носиров ўз таъсуротларида.

Форум доирасида шаҳар ҳокими ўринбосари Жамшид Носиров шаҳарчадаги Leons King group (леонс кинг гроуп) корхонасига ташриф буюрди.

Корхона ижрочи директори Цунчуан Жоу билан  ёғ- мой чиқиндиларидан биокеросин ва биодизел ёқилғиларини, шунингдек, овқатланиш шахобчаларидаги ишлатилган ёғ маҳсулотларини қайта ишлаган ҳолда тоза ва соф фойдали маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Хитойлик инвесторнинг 2024 йил бошида Каттақўрғон шаҳрига ташрифи давомида ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги келишувларни амалга оширилиши кўзда тутилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоики, албатта, ушбу Форум доирасидаги келишувлар Давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида Президент Си Цзинпин таъкидлаганидек, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси (2023-2027) ўртасидаги янги даврда кенг қамровли стратегик шерикликни амалга ошириш ва бунда иқтисодий, савдо ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, уланиш қурилишини чуқурлаштириш ва саноат салоҳияти, энергетика ва транспорт соҳасида алмашинув ва ҳамкорликни фаол амалга ошириш ҳамда кам углеродли ривожланишни қўллаб- қувватлашда муҳим қадам бўлади.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM