Бир кунда 40 мингдан ортиқ маҳсулот чиқарамиз

-Дейди, шаҳримиздаги "TO‘RON POLIPROPILEN GOLD" МЧЖ қўшма корхонаси раҳбари Гулбаҳор Бахриева.

Бугун шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ташкил қилинган пресс-тур доирасида ушбу корхонада бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва матбуот котиблари ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

60 нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритадиган мазкур корхонанинг биринчи қаватида ип йигирув ва тўқув ишлари амалга оширилади. Махсус техникалар ёрдамида 12 нафар ходим ип йигириш ва қопларни тўқиш ишларини бажарадилар. Шунингдек, ушбу қаватдаги тўқув цехида ҳам 8 нафар хотин-қизлар икки сменада ишлайдилар.

-з йилдан буён шу ерда фаолият юритаман, дейди цех ишчиси Сабоҳат Шодмонова. Шароитлари, ойликлари яхши. Шу ерда тушлик қиламиз. Муҳими, ўз шаҳримда, фарзандларимни ёнидаман. Ишлайман деган инсон учун бугун шаҳримизда ҳам имкониятлар бор.

Ҳақиқатдан ҳам корхонада ишлаётган бошқа ходимлар ҳам бундан мамунлар. Зеро, бу ерда ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Овқатланиш ҳам корхона ҳисобидан амалга оширилади. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, корхонада ишлайдиган 35 нафар хотин-қизларнинг 15 нафари ижтимоий дафтарларга киритилган бўлиб, улар учун бу ерда ишлаш катта имконият.

Корхонанинг иккинчи қаватида 25 дан ортиқ хотин-қизлар тайёр қопларни кесиш ва тикиш ишлари билан шуғулланадилар. Бир кунда корхонада 40 минг ва ундан ортиқ полиэтилен қоп маҳсулотини ишлаб чиқариш имкони бор. Маҳсулотлар савдоси республикамиз бўйлаб амалга оширилади.

Пресс тур иштирокчилари корхона фаолияти билан танишиш асносида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM