Каттақўрғон шаҳар ҳокими Алимова Гавҳар Зайировнанинг 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Ассалому алайкум муҳтарама ва мунис онахонлар, латофатли ва гўзал опа-сингиллар!

Авваламбор барчангизни 8-март - Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу байрам айнан баҳор фаслида нишонланишида ҳам ўзгача маъно бор. Зеро, табиатнинг уйғониши, яратувчанлик ва мафтункорлик кашф этиши ушбу байрам билан бошланади. Шу жиҳатдан ҳам баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига ҳамоҳангдир.

Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганидек, "Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз. Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди. Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, албатта”, -деган сўзлари ҳам биз аёлларга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг юксак намунасидир.

Азиз опа-сингиллар!

Мамлакатимизда бугун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, ҳурмат ва эътиборини ошириш, ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган десак, муболаға бўлмайди.

Шу ўринда каттақўрғонлик хотин-қизларнинг ҳам турли соҳалар бўйича раҳбарлик лавозимида, таълим-тарбия соҳасида, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб, шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётганларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугун шаҳримиз аҳолиси сони 93 мингдан ортиқ бўлиб, шундан 51 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Бугунги кунда 100 га яқин хотин-қизлар бошқарув соҳасида, 14 нафари шаҳар ва вилоят кенгаши депутатлиги, 700 нафари мактаб, 800 нафарга яқини мактабгача таълим, 63 нафар олий таълим, 1000 нафардан ортиқ соғлиқни сақлаш ва бошқа турли соҳаларда фаолият юритиб келмоқдалар. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 100 нафар фаол хотин-қизлар захирага олинган.  Шуниси диққатга сазоворки, хотин-қизларимиз барча соҳаларда самарали меҳнат қилиб, ушбу соҳаларни ривожлантириш орқали шаҳримизни янда тараққий эттиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Ҳурматли хотин-қизлар!

Бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадр-қиммати, унинг фаровонликда яшаши учун муносиб шарт-шароитларни яратишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу борадаги ишлар замирида айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган инсонларга кўмаклашиш орқали уларни ҳаётда ўз ўринларини топишларига имкон яратишдек эзгу ғоя мужассам.

Ушбу эзгу амаллар, хайрли тадбирлар орқали шаҳримиздаги хотин-қизларга ҳам кўплаб ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Бунда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган “Аёллар дафтари” улкан имконият бўлди. Аёллар дафтарининг 4-босқичи орқали яна 4500 нафар хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

Шунингдек, шаҳримизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.   

Бугун шаҳримизда 1300 га яқин хотин-қизлар хусусий, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини юритмоқда. Ўтган йил давомида тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 17 млрд.200 млн. сўм имтиёзли кредитлар берилди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган 326 нафар хотин-қизлар томонидан қўшимча 700 га яқин иш ўринлари яратилди. 1000 га яқин хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди.

Буларнинг барчаси хотин-қизларнинг оилада ўз ўрнига эга бўлиши ва уларнинг моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлигидан далолатдир.

Мунис опа-сингиллар ва дилбар қизлар!

Бугун олийгоҳларда таҳсил олаётган қизларимизнинг сафи кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу натижалар ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий ифодасидир. Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари барчамизга яхши аён. Донишмандлар: «Бир қизни ўқитсангиз – бутун миллатни, бутун жамиятни, бутун оилани ўқитган бўласиз», дея бежиз таъкидламаганлар.

Шу ўринда мамнуният билан айтамизки, бугун шаҳримизда фаолият юритаётган Самарқанд Давлат университетининг Каттақўрғон филиалида таҳсил олаётган жами 1300 дан ортиқ талабаларнинг 860 нафарини яъни, 67 фоизини қизларимиз ташкил қилади. Келгусида уларнинг орасидан ҳам шаҳримиз, вилоятимиз ва республикамизни ҳар томонлама тараққий эттиришда, таълим-фан соҳаларини ривожантиришга муносиб ҳисса қўшадиган ажойиб олималар, фан докторлари етишиб чиқишига ишонамиз.

Қолаверса, шаҳримиз умумтаълим мактабларидаги 570 нафар битирувчи қизларнинг 41 фоизи турли олийгоҳларнинг талабаси бўлдилар. 10 нафар қизларимиз мактабни олтин медаль билан тамомлади.

Биз шаҳримиз ўқувчи-қизлари орасидан ҳам келажакда бўлажак Тумарис, Анбар отин, Бибихоним, Зебунисо, Увайсий, Нодирабегим, Зулфия, Ҳалима Носирова сингари буюк истеъдод ва иқтидор соҳибалари чиқишини астойдил истаймиз.

Албатта, бу борадаги ишларимизни тизимли равишда давом эттирамиз.  

Оилаларнинг тинчлиги ва тотувлиги маҳаллалар ва жамиятнинг тараққий этишига хизмат қилаётган “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларининг фаолиятини алоҳида таъкидлаш ўринли. Шаҳримизда ҳам “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари томонидан мавжуд 36 та маҳаллаларда, таълим муассасаларида оилаларда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий салоҳиятини мустаҳкамлашга асосланган тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. 

Оила- муқаддас қўрғон. Унинг муқаддаслиги шундаки оилада инсон дунёга келади ва камол топади. Унинг ҳар бир аъзоси оиладаги ўзининг мажбуриятлари ва ҳуқуқларини яхши билиб унга амал қилса, қондошлик ришталарини қанчалик теран англасаларгина оилалар мустаҳкам бўлади. Бунинг учун ҳар бир оилада аҳлоқий ва оила мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қиладиган тартиб қоидаларнинг бўлиши муҳим рол ўйнайди.

Шу мақсадда биз “Оиланинг намунавий низоми” лойиҳасини ишлаб чиқдик ва бу лойиҳа ижтимоий тармоқда омма муҳокамасига қўйилиб, берилган таклиф ва мулоҳазалар ўрганилди. Ўйлайманки, ушбу низомни ҳаётга тадбиқ этилиши ҳам келгусида фарзандларга азалий қадриятларимизни ўргатиш, уларни тўғри тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлигини таъминлаш ва аёлларимизнинг оиладаги ўрнини мутаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

           Қадрли опа-сингиллар!

Шу ўринда давлат ва жамоат ишларида самарали меҳнат қилаётган шаҳримиз хотин-қизларининг 2022 йилда қўлга киритган ютуқлари барчамизни қувонтиради. Жумладан, 2022 йилда 3- умумтаълим мактаби она тили фани ўқитувчиси Дилбар Давидова ва “Баркамол авлод” болалар мактаби тўгарак раҳбари Хадича Самадова Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. 6- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зулайҳо Юлдашева "Халқ таълими фидойиси" кўкрак нишони соҳиби бўлди.

Шунингдек, ижодкор хотин-қизларимиздан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Эркатош Шукурова ҳамда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Фазилат Абдуллаеваларнинг китоб тақдимотлари ҳамда ижодий кечалари ўтказилди.

            Жорий йилда ҳам бу борадаги мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда шаҳримиздаги хотин-қизлар учун фаровон ва бахтиёр ҳаёт тарзини яратиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, оилалар тинчлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги аёлларни ҳаётда ўз ўринларини топишда моддий ва маънавий томондан кўмаклашиш каби ишларни давом эттириб, хотин-қизларимизни жамиятнинг фаол ва ташббускор аъзосига айлантирамиз

Азиз каттақўрғонликлар!

Мен бугун сизнинг вакилингиз сифатида шаҳримизни янада равнақ топтириш, аввало Сиз, азизларнинг орзу-ниятларингиз ва манфаатларингизни рўёбга чиқаришни ўз олдимга катта вазифа қилиб қўйганман. Бу борада сизнинг ҳам менинг ёнимда туриб, халқимиз тинчлиги ва равнақи йўлида биргаликда Ватанимизга ҳизмат қилишингизга ишонаман.

МУҲТАРАМ ОНАХОНЛАР, МУНИС ОПА-СИНГИЛЛАР!

Барчангизни яна бир бор Халқаро хотин-қизлар байрами билан қутлайман. Сизга оилавий хотиржамлик, саодатли узоқ умр, мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-тотувлик ва қут- барака тилайман! 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM