АЁЛ СОҒЛОМ БЎЛСА, ЖАМИЯТ СОҒЛОМ БЎЛАДИ

Жамиятда хотин-қизларнинг илмли, зиёли, маънавиятли бўлиши билан бирга уларни жисмонан соғлом бўлишлари ҳам жуда муҳим. Шу боисдан  бугун хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар доирасида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Шаҳар ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ҳафтанинг ҳар шанба куни шу мақсадда шаҳримиздаги маҳаллалар хотин-қизлари иштирокида спорт тадбирлари ўтказиб келинади. 14- умумтаълим мактабида жам бўлган хотин-қизлар “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасида  беллашдилар.

Спорт тадбирида иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова хотин-қизларга бугун мамлакатимизда жуда катта эътибор қаратилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги ислоҳотлар кўплаб хотин-қизларни жамиятда ўз ўринларини топишларида муҳим омил бўлаётганлиги, мана шундай спорт тадбирларининг ўтказилиши ҳам улар учун соғом турмуш тарзини шакллантириш, соғломлаштириш мақсадида ташкил этилаётганлигини таъкидлади.

“Қувноқ стартлар” доирасида ташкил қилинган арқон тортиш, югуриш, тўп отиш ҳамда баскетбол  ўйинлари қизғин тарзда давом этди.

4 та гуруҳ доирасида беллашган хотин-қизлар орасидан ғолиблар аниқланди.

Мусобақа ғолибларига шаҳар ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, депутат Ш.Кучкарова совғаларни топширди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM