КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ АЛИМОВА ГАВҲАР ЗАЙИРОВНАНИНГ ШАҲАР АҲОЛИСИГА ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ

Азиз ҳамшаҳарлар!

Сизларни кириб келаётган Янги 2023- йил билан самимий муборакбод этаман.

Бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бора гувоҳ бўлиб, янги йилга, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз.

Ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказиб, шу кунларга етказгани учун шукрона қиламиз.

Мана шундай ҳаяжонли дамларда ҳар қайси инсон Янги йилни кутиб олар экан, қалбида, юрагида сақлаб келаётган эзгу орзу-умидларнинг ушалишини, оиласи, яқинлари, она юрти тинч-омон бўлишини, янги йил янада хайрли ва баракали бўлишини ҳаёлидан ўтказади.

Ўтган йил давомида шаҳримизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини, ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳаллаларимиз қиёфасининг тобора кўркамлашиб бораётганини ҳисобга олиб, холисона 2022 - йил барчамиз учун файзли, баракотли бўлди, деб айта оламиз.

Зеро, ўтган йилда ҳам мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб- қувватлаш, меҳр-саховатли бўлишдек халқимизга хос бўлган қадриятлар, юксак фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлди.

Шаҳримизда ўтган вақт ичида кенг кўламдаги бунёдкорлик, қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Марказий ва ички кўчаларга асфальт ҳамда бетон қопламалари ётқизилди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилди. Аҳолининг, хусусан ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида рўйхатлари шакллантирилган “Темир дафтар”, Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтар”ларига киритилган оилалар билан якка тартибда ишлар олиб борилиб, уларни бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Ўтаётган йил давомида шаҳримиз аҳолисига муносиб туҳфа сифатида кўплаб ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

2022 йилда эришган муваффақиятларимиз, ютуғларимиз ҳақида кўплаб гапиришимиз мумкин. Лекин шу билан бирга келгусида қилишимиз лозим бўлган ишларимиз ҳам жуда кўп.

Қолаверса, Давлатимиз раҳбари томонидан Янги 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди. Албатта, биз келгусида ушбу йўналишлар бўйича Каттақўрғон шаҳрини янада обод ва кўркам, энг намунали шаҳарга айлантириш борасидаги ишларимизни изчил давом эттирамиз. Бу борада эса сиз азизларнинг қўллаб-қувватлашингиз бизга катта куч беради.

Азиз каттақўрғонликлар!

Яна бир бор барчангизни кириб келаётган Янги йил билан қутлайман. Илоҳим, кириб келаётган 2023-йил ҳар биримиз учун омадли, файзли, баракотли, хосиятли ва самарали йил бўлсин.

Сиҳат- саломатлик, хонадонларингизни тинчлик ва хотиржамлик, файзу-барака тарк этмасин.

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM