“ЁНҒИН ХАВСИЗЛИГИ ОЙЛИГИ” ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Маълумки, юртимизда айни куз-қиш мавсуми. Ушбу даврда  аҳоли ва ташкилотлар, муассасаларда иссиқлик, электр таъминотига бўлган эҳтиёж янада ошади. Бу эса айрим кўнгилсизликларни ҳам келтириб чиқаради.

Юртимизда, жумладан, шаҳримизда ҳам 15 ноябрдан 15 декабрга қадар “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” деб эълон қилингани ҳам бу борадаги ишларни тизимли равишда ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Яқинда шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилиш ушбу масалага бағишланди. Йиғилишда ойлик доирасида шу кунга қадар амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритилди.

Шаҳарда ойлик доирасидаги профилактик тадбирлар тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат 2 та ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилмоқда.

Ойликнинг ўтган даври мобайнида шаҳар ҳудудидаги 27 та давлат тасарруфидаги объектларда белгиланган тартибда текширувлар ўтказилган.

Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида 231 та камчиликлар юзасидан объект раҳбарларига ёзма кўрсатмалар топширилиб, уларнинг 125 таси бартараф этилган. Объектларда ишчи-хизматчилар билан, ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмаси чақнаши ҳамда озиқ–овқат маҳсулотларидан заҳарланиш, ботулизм ва қутириш касалликлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида суҳбатлар ўтказилган.

Давлат тасарруфидаги ва тадбиркорлик объектларида ўтказилган текширувлар натижасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 2 нафар жавобгар шахслар 4,50 000 минг сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилган. 73 та носоз газ ва электр қурилмаларидан фойдаланиш таъқиқланган.  

Шунингдек, йиғилишда иштирокчиларнинг ҳам фикр ва мулоҳазалари эшитилди.

Йиғилиш сўнггида ойлик доирасида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан мутасаддиларга зарурий топшириқлар берилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM