КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВА МАКТАБ БИТИРУВЧИЛАРИГА ТАБРИК ЙЎЛЛАДИ

Азиз битирувчилар!

Бугунги кун Сиз азизларнинг ҳаётингизда энг унутилмас ва беғубор болалик дамларингиздан илиқ хотиралар қолдирадиган кун. Аввало, Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб мустақил ҳаёт сари умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин дилдан муборакбод этаман.

Мактабларда “сўнгги қўнғироқлар” янграйдиган ушбу кунда нафақат Сиз, балки биз катталарнинг ҳам ҳаёлимизда мактабимиз, болалигимиз билан боғлиқ илиқ хотиралар ўтади. Сизнинг ҳаяжон ва ишонч тўла кўзларингизга қараб ўша бир вақтлар бизни ҳам қадрдон мактабимиз, синфдош дўстларимиз билан хайрлашган дамларимиз кўз олдимизга келади.

Айниқса, бугун фарзандларини, шогирдларини янги ва мустақил ҳаёт сари кузатадиган ота-оналар ва устозларнинг қувончлари ва ҳаяжонлари чексиз. Ушбу қувончли айёмда уларни ҳам чин дилдан қутлаб, барчамизга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Кейинги йилларда Сиз ёшларнинг муносиб таълим-тарбия олишингиз, Ватан равнақи йўлида комил инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун жуда катта имкониятлар яратилгани барчангизга маълум. Зеро, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ёшлар сиёсати бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилгани соҳада жуда катта ўзгаришларга сабаб бўлди.

Шаҳримизда ҳам бу ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, мактабларимизнинг моддий техник базаси яхшиланди, мактаблардаги қурилиш -таъмирлаш ишлари боис уларнинг замонавий қиёфаси тубдан ўзгарди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди. Хусусан, ўтган йилда шахримизнинг 8,9,15 умумтаълим мактабларида янги ўқув бинолари қурилиб  мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари 2,  11 ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари, 18 умумтаълим мактабларида ўқувчилар учун замонавий янги ўқув бинолари қуриш учун давлат бюджетидан 39,8 млрд сўм ажратилиб, бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мактабларимиздаги таълим-тарбия олаётган ўғил-қизларимиз халқаро фан олимпиадалари, ижодий фестиваль ва танловларда юқори ўринларни эгалламоқда, мамлакатимиз ва хориждаги нуфузли олийгоҳларга кириб ўқиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.

2021-2022- ўқув йилида Каттақўрғон шаҳар халқ таълими тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг 11- синфини 965 нафар ўқувчилар битирадилар, шулардан 20 нафари олтин медал билан, 2 нафари кумуш медал билан битирмоқда. 3 нафар битирувчи муддатдан олдин олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган. 17 нафари IELTS сертификатларини қўлга киритишган.

Ўқувчилардан олинган якуний касбий сўровномалар натижасига кўра битирувчи ўқувчиларнинг 927  нафари, яъни 96 фоизи олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдиришган.

Қадрли ёшлар!

Сизларнинг бугун янги ҳаёт сари олий мақсадларни қўйиб, доим билим олишингиз ва келажакда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун барча имкониятлар мавжуд.

Албатта, Сиз бундан муносиб фойдаланиб ўзингиз ва Ватанамиз келажагини янада порлоқ бўлиши учун бор куч ва имкониятларингизни ишга соласиз. Ва бу ишларда Сизга улкан муваффақиятлар тилайман.

Яна бир бор барчангизга сиҳат-саломатлик, ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.

Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин!

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM