Аксилмонопол қўмита Қашқадарёдан чигит олиб чиқишни тақиқлаганларга чора кўрилишини маълум қилди

Қашқадарё ҳокимлиги “нео-феодалларча” қўйган тақиқ воқеасига Монополияга қарши курашиш қўмитаси аралашди. Қўмита вилоят ҳокимлиги ва ИИБдан изоҳ талаб қилди, ҳолат чора кўриш учун ўрганилмоқда. Савдо-саноат палатаси ва Бизнес омбудсман ҳамон сукутда.

Тадбиркорнинг 100 тонна чигити “Умакай”дан ўтказилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси чигит хом ашёси “Умакай” постидан ўтказилмаётгани юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБга сўровнома юборган.

Қўмита ахборотига кўра, ҳолат юзасидан қўмитага ҳам мурожаатлар келиб тушган. Бу мурожаатлар монополияга қарши қонунчилик ҳужжатлари доирасида чора кўриш учун ўрганилмоқда.

Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Аксилмонопол органнинг эслатишича, 2020 йилда ҳам 3 та вилоятда бу каби ҳолат кузатилган. 2020 йил 27 ноябрда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилгани бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоят ҳокимликларига ҳамда ушбу вилоятларнинг ИИБларига нисбатан қўмита томонидан иш қўзғатилган эди.

Ўшанда қонунчилик талаблари бузилгани ўз тасдиғини топган, шу сабабли ҳокимликларга ва вилоятларнинг ИИБларига нисбатан қўмита қарори қабул қилинган ва кўрсатма берилган.

Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Қашқадарё вилоятидаги корхоналар томонидан биржа савдоларига қўйилган чигит маҳсулотларини сотиб олганлар ўз харидларини вилоят ҳудудидан олиб чиқишда тўсиқларга учрамоқда.

Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирувини давом эттирмоқда. Аввалроқ дастлабки тафсилотлар эълон қилинган эди.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM