ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ СОНИ 25 ТАГА ЕТДИ

Кейинги бир ярим йил ичида Каттақўрғон шаҳрида кенг ҳажмдаги ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Жумладан, таълим соҳасида амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари боис таълим муассасалари, жумладан мактабгача таълим ташкилотларидаги шарт-шароитлар яхшиланиб замонавий қиёфа акс этди. Ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида шаҳримизда яна бир таълим маскани фойдаланишга топширилди.

Бугун муассасанинг очилиш тадбирида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, мактабгача таълим бўлими ва соҳа вакиллари, фахрийлар иштирок этдилар.

Сўзга чиққан шаҳар ҳокими шаҳримиздаги мактабгача таълим муассасалари сони яна биттага кўпайгани билан соҳа ходимларини қутлади ва бу каби ишлар шаҳарда болажонларни мактабгача таълимга қамровини оширишдаги аҳамиятини, шунингдек, ушбу муассасанинг очилиши келгусида педагогика коллежининг мактабгача таълим йўналиши бўйича ўқиётган талабалар учун амалиётни шу ерда ўташларига имкон яратилганлигини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, яқинда шаҳримизда бўлган Мактабгача таълим вазирининг таклифи билан ушбу ҳудудда мактабгача таълим муассасаларига бугун Тошкентда йўлга қўйилган боғчаларга тайёр таомларни етказиб бериш мақсадида корхона фаолиятини йўлга қўйилишини, бу эса боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.  

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари муассасадаги шароитлар билан танишдилар.

Амир Темур маҳалласида жойлашган 25-Давлат мактабгача таълим ташкилотининг қуввати 120 ўринли бўлиб ҳудуддаги 120 нафар болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имкониятига эга.

 3 млрд.530 миллион сўмлик маблағ эвазига барпо этилган, бугунги кун замон талаблари асосида жиҳозланган муассасада ўқув машғулотлари хонаси, спорт зали, байрам тадбирлари ўтказиш зали, ошхона мавжуд.

Мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг муносиб таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Улуғбек Джалоловнинг сўзларига кўра 2022 йилда Каттақўрғон шаҳрида мактабгача таълим ташкилотлари сони 52 тадан 60 тага етказилади. Шундан 26 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти, 3 та хусусий, 6 та ДХШ асосида ва 24 та оилавий шаклдаги мактабгача таълим ташкилотларидир.

Шунингдек, 2022 йилда Каттақўрғон шаҳрида 3-7 ёшли болалар сони 8034 нафар бўлишини ҳисобга олган ҳолда йил давомида 510 та янги қувватларни яратиш ҳисобига 7648 нафар 3-7 ёшли болалар мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш ҳисобига қамров кўрсаткичи 94,8 % етказиш режалаштирилган.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM