ЯНГИ ЙИЛ ОЛДИ ШАНБАЛИКДА ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ФАОЛЛИК КЎРСАТДИЛАР

Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида шаҳримизда ҳам кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунда айниқса шаҳар ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, маҳаллалар вакиллари, таълим муассасалари, аҳоли, ёшлар, ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этдилар. 

Ушбу тадбирлар доирасида маҳаллалар, аҳоли яшаш хонадонлари, кўчалар атрофи, таълим муассасалари ҳудудларига дарахт ва арча кўчатлари ўтқазилди.

Бугун шаҳримизни яшил ҳудудга айлантириш борасидаги ушбу саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида “Азизхўжа” қабристонида ҳам катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Унда махсус муҳандислик қурилиш бошқармаси 5- муҳандислик қурилиш батальони муддатли ҳарбий хизматчилари ташаббусни қўлга олдилар. 30 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар томонидан 200 дан ортиқ арча кўчатлари ўтқазилди. Қабристон ичи тозаланиб, деворларида буёқлаш ишлари олиб борилди.

 

Ушбу хайрли ишда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бу каби халқимизга хос бўлган эзгу анъаналар бугун кенг қулоч ёйиб шаҳримизни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштиришда яққол намоён бўлаётганлиги хусусида сўз юритар экан, шаҳримиздаги бунёдкорлик, ободончилик ишларида маҳаллалар вакиллари, аҳоли билан бирга ҳарбий хизматчиларнинг ташаббус кўрсатаётганликлари эътирофга лойиқлигини, бу шаҳримиздаги кўплаб ёшларга ибрат бўлишини таъкидлади.

Шаҳар ҳокими шунингдек, Янги йил олди амалга оширилаётган ушбу хайрли ишни давом этишини ва бошқа кўплаб ҳамшаҳарларимиз, ташкилот ва идоралар вакиллари ҳам бунга ўз ҳиссаларини қўшишларига алоҳида эътибор қаратди.

Шаҳримизни яшил ҳудудга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом этади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM