ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ 46 СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бугун  Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдаги 46 сессияси ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Сессияда депутатлар томонидан 14 та масала кўриб чиқилди.

Дастаб 4-сектор ҳудудида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва мавсумни беталофат ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Д.Ашуровнинг ҳисоботи эшитилди.

Шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Ибрагимов кун тартибидаги иккинчи масала,  яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони 2021 йил январь-декабрь ойларидаги ижроси ҳақида ахборот берди.  

Сессия давомида норма ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича 2021 йилнинг 11 ойида амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар адлия бўлими бошлиғи Ф.Зарифовнинг, маҳаллий бюджет ижроси, маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш йўналишлари, жумладан, маҳаллий бюджет даромадларини оширишнинг аниқланган резервлари тўғрисида шаҳар ҳокимлиги Молия бўлими мудири Ф.Садриддиновнинг, Давлат дастури доирасида 2021 йилда янги иш ўринлари яратиш прогноз кўрсаткичларини белгилаш бўйича ҳудудлар ва йўналишлар кесимида манзилли дастур ижроси тўғрисида шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Р.Муродқосимовнинг ҳисоботлари ҳам депутатлар эътиборига ҳавола этилди.

Шунингдек, сессияда депутатлар Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига бўшаб қолган ўринга 2021 йилнинг 19-декабрь куни ўтказилган сайлов натижалари тўғрисида шаҳар сайлов комиссиясининг ахбороти ва сайланган депутатнинг ваколатини тасдиқлаш, Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган депутатнинг партия гуруҳи таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги, Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашига “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси”дан сайланган депутатнинг партия гуруҳи таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Юқоридаги масала бўйича 2021 йил 19-декабрь куни шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи 2-Темир йўл сайлов округидан сайланган депутат Сирожидинов Хотам Самариддиновичнинг ҳамда 11-Шавқий сайлов округидан сайланган депутат Кучкарова Шахло Ботировнанинг ваколатларини тўғри деб топиш ҳақидаги халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссиясининг қарори тасдиқланди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала сифатида Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2022 йилга мўлжалланган иш режаларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Кун тартибига киритилган навбатдаги масалалар бўйича шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган фуқароларни ижтимоий ҳолатини яхшилаш уларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб варағидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун маблағ ажратиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан тасдиқланди.

Сессия кун тартибидаги сўнгги масала, яъни Каттақўрғон шаҳар 8-умумий ўрта таълим мактабига директор лавозимига номзодларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала бўйича номзоди қўйилган А .Вахобовнинг 8-умумтаълим мактаби кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича дастури тингланди.

Депутатлар томонидан А.Вахобовнинг дастури қабул қилинди ва номзоди директорликка тасдиқланди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM