ШАҲАР ХАЛҚ ТАЪЛИМИНИНГ МИЛЛИЙ РЕЙТИНГ НАТИЖАЛАРИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими томонидан миллий рейтинг натижалари эълон қилинди. Умумтаълим муассасалари фаолият самарадорлигининг  рейтинг кўрсаткичлари 4 та йўналиш ва 8 та индикатор бўйича  баҳоланди.

Куни кеча шаҳар Халқ таълими бўлимида шаҳар ҳокими Г.Алимова, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари О.Саидов ҳамда шаҳар Халқ таълими бўлими вакиллари ва мактаб директорлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш ушбу масалага бағишланди.

Миллий рейтинг натижаларига кўра шаҳар Халқ таълими вилоятда 11 синф битирувчиларини олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича 3 ўрин, ўқувчилар ўртасида содир этилган жиноятлар сонига кўра 12 ўрин, педагогларнинг сифат таркиби бўйича 3 ўрин, халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар кўрсаткичи бўйича 1 ўринни, мактаб таълимини ривожлантириш учун қилинган харажатлар бўйича ҳомийлик маблағлари кўрсатилмаганлиги ҳисобида 10 ўринни қайд этган.

Бу борада сўз юритган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ўтган йил давомида шаҳардаги умумтаълим муассасаларида таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганлигини ва бу борада умумтаълим мактабларида таълимни ривожлантириш бўйича қилинган харажатларда ҳомийлик маблағларининг аҳамияти катта бўлганлигини, аммо ушбу маблағлар кўрсатилмаганлиги боис шаҳар халқ таълимининг ушбу йўналишдаги  кўрсаткичи миллий рейтингда паст бўлганлигини таъкидлади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларида ўқувчиларни муносиб таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилганлигини, малакали  педагоглар фаолият юритаётганлигини, аммо шунча яратилган имкониятларга қарамай шаҳар халқ таълимининг вилоятда муносиб рейтинг кўрсаткичига эга бўлмаганлигини танқид қилди ва бу ҳолат республикада зиёли,  маънавияти юксак шаҳар сифатида эътироф этиладиган Каттақўрғон шаҳрининг маънавий-маърифий қиёфасига номуносиб эканлиги хусусида гапирди ҳамда келгусида бу борада соҳа ходимлари масъулиятни янада кучлироқ ҳис қилишини ва зарурий чора-тадбирларни кўриш лозимлигини айтди.

Йиғилишда миллий рейтинг натижалари бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси вакили ҳамда йиғилиш қатнашчиларининг фикр- мулоҳазалари эшитилди ва бу бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM