МАКТАБЛАРДА “КИТОБ ЯРМАРКАСИ” ЎТКАЗИЛДИ

Image_tadbir: 

Китобнинг инсон камолотидаги ўрни беқиёс. Албатта, бўш вақтингизда бирор- бир бадиий адабиётни мутолаа қилиш орқали вақтингизни мазмунли ўтказиш билан бирга ўзингиз учун янги бир оламни ҳам кашф этасиз. Айниқса ўқувчи-ёшларни дарсликлардан ташқари бадиий китоблар ўқишга кенг тарғиб қилиш уларда фанларга оид билимларни ошириши билан бирга кенг дунёқарашни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Куни кеча шу мақсадда шаҳримиздаги мактабларда “Китоб ярмаркаси” ўтказилди. Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлинмаси, шаҳар халқ таълими бўлими ҳамда  “Зиё” нашриёти ҳамкорлигида ташкил қилинган ярмаркада ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари фаол иштирок этдилар.

-Бугун ярмаркада қизим билан бирга қатнашдим. Қизиқарли китобларни харид қилдик. Нафақат қизимга, ўзим ҳам ўқиш учун китоб олдим. Биласизми, ўзимиз атайлаб китоб магазинга бориб китоб ололмаймиз. Ё бунга қунт қилмаймиз ёки вақт ажратолмаймиз. Бугун мана шунақанги арзонлаштирилган ярмаркани ташкил қилингани жудаям яхши бўлди. Ҳар ойда 3-4 марта ўтказиш керак деб ўйлайман бунақанги тадбирларни, - дейди ярмарка иштирокчиси,  11- ИДУМ  ота-оналардан Д.Ҳалилова

Ҳақиқатдан ҳам мана шунақанги тадбирларни кўплаб ўтказилиши ўқувчилар билан бирга уларнинг ота-оналарини ҳам китобхонликка жалб қилишда аҳамияти катта бўлади.

Бугун ярмаркада уюшқоқлик билан қатнашган 11,16 ҳамда 17 мактабларга “Зиё" нашриёти  ўзининг китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғаларини тақдим этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 4-ташаббуси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкиллаштирилаётган арзонлаштирилган китоб савдо ярмаркаси эртага шаҳримиздаги мактабгача таълим ташкилотларида ҳам бўлиб ўтади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM