МАҲАЛЛАЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИ ЙЎЛИДА 

Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларнинг аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқейини мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқаролар йиғини ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали тизим самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламдаги тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ривожи йўлидаги яна бир ҳужжатга, яъни “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонга имзо чекилгани фикримизнинг исботидир.

Бугун ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида шаҳар ҳокимлигида шаҳримиздаги маҳаллалар раисларига иш фаолиятларини яхшилаш, хавфсиз ва обод маҳалла тамойили борасидаги вазифаларни бажаришда қулайлик яратиш мақсадида планшетлар тақдим этилди.

Унда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шаҳримиздаги маҳаллалар тизимида амалга оширилган ижобий ишлар, уларнинг моддий -техника базасини яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан, албатта, маҳаллалар Президентимиз таъкидлаганидек, халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлишини, фуқароларнинг фаровонликда ва бахтиёр ҳаёт кечирадиган энг обод ва хавфсиз ҳудуд бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Шу ўринда ушбу яратилган имкониятлар, шарт-шароитлардан мамнун бўлган маҳалла вакиллари ҳам келажакда шунга муносиб ишлашларини, бугун уларга билдирилаётган ишончни оқлаш йўлида ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишларини билдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM