ЯНА БИТТА ДАВЛАТ ХУСУСИЙ-ШЕРИКЛИК АСОСИДАГИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ ОЧИЛДИ

Шаҳримизда ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижасида кўплаб мактаб ва мактабгача таълим муассасалари янгидан барпо этилди, мавжудлари таъмирланиб замонавий қиёфа акс этди.

Бугун шаҳримизда яна битта янги боғча, Давлат хусусий-шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.

Муассасанинг очилиш тадбирида шаҳар ҳокими Г.Алимова, жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, шаҳар мактабгача таълим бўлими, соҳа ходимлари иштирок этдилар.

Унда сўз олган шаҳар ҳокими Г.Алимова бугун мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, шаҳримиздаги болаларни таълимга қамраб олиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди ва келажакда ушбу маскан ҳам юртимиз тараққиёти учун баркамол авлодни вояга етказишда муносиб ҳисса қўшадиган маскан бўлишини таъкидлади.

Кексалар бугун Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлидаги мана шундай ижобий ишларнинг бардавом бўлишини сўраб дуога қўл очдилар.

Тадбир иштирокчилари муассасада яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Амир Темур маҳалласида жойлашган ушбу Давлат хусусий-шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти хусусий тадбиркор Саодат Рахмонова томонидан ташкил этилган.

Мактабгача таълим ташкилоти қуввати 100 ўринли бўлиб ҳудуддаги 120 нафар 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имкониятига эга.

Бугунги кунги замон талаблари асосида жиҳозланган муассасада спорт зали, байрам тадбирлари ўтказиш зали, ошхона, ёзги айвончалар мавжуд.

Мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг муносиб таълим-тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM