ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Овқатдан заҳарланиш - микроблар билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилинганда вужудга келадиган касаллик. Аксарият ҳолларда бирдан кўпчилик касалланади, лекин бемордан соғлом одамга юқмайди.

Қуйидаги 2 ҳолат овқатдан заҳарланиш учун умумий ҳисобланади: 1) микроб тушиб кўпайган овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибати; 2) бемор организмига микробнинг ўзи ва унинг токсини таъсири. Овқатдан заҳарланиш ёз ойларида кўп учрайди. Катталарга нисбатан болалар, айниқса, 3 ойликдан 2 ёшгача бўлган болалар кўпроқ касалланади. Одам кўпроқ уриниб қолган гўшт ва унинг маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, балиқ, товуқ гўштини истеъмол қилганда заҳарланиши мумкин. Ангина ёки турли йирингли касалликлар: сачратқи, чипқон, ҳасмол ва бошқа йирингли яралар бўлган кишилардан микроб тайёр маҳсулотга ўтиб, тез кўпаяди.

Уни билмай истеъмол қилган киши дарҳол заҳарланади. Касалликнинг яширин даври  2 - 3 соатдан 3 кунгача бўлади. Касаллик тўсатдан кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади, ич кетади, қоринда туташ оғриқ бўлади. Қисқа вақт ичида бемор организми сувсизланади ва ҳолсизланиб қолади. Юрак-томир системаси фаолияти бузилади.

Даволаш касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганида тез ёрдам сифатида меъдани 2% ли сода ёки нимранг калий перманганат эритмаси билан чайиш, ичакни тозалашдан иборат. Регидрон, бектит препарати эритмасини ичириб туриш касаллик оғирлашишининг олдини олади. Озиқ-овқат тайёрлаш корхоналари хизматчилари иш жараёнида шахсий гигиенага қатъий риоя қилишлари керак. Ёз кунлари гўдаклар учун овқат фақат бир марта истеъмол қилишга етарли қилиб тайёрланиши лозим.

Овқатга ишлатиладиган идишлар аввал ювилиб, сўнгра қайнатилиши, устига тоза дока ёпиб қўйилиши лозим. Рўзғорда ишлатиладиган тез бузиладиган маҳсулотлар совуткичда сақланиши шарт.

Н.Комилжонов,

Каттақўрғон шаҳар ФВБ ФВДТ ва

ФМ бўлинма бошлиғи, лейтенант.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM