ИНСОН ФАҚАТ БИР КУНИНИ ЭМАС ЭРТАНГИ КУНЛАРИНИ ҲАМ ЎЙЛАБ ЯШАШИ КЕРАК

Куни кеча ҳамшаҳарлари билан учрашган халқимизнинг севимли санъаткори, Каттақўрғон фарзанди Раъно Ярашева уларни ана шундай яшашга даъват этди.

Шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан шаҳримиздаги “Гўзалкент” маҳалласида ташкил қилинган учрашувга “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар, маҳалла фаоллари иштирок этдилар.

Тадбирни очиб берган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, Президентимиз ташаббуслари билан ишсиз, қийин аҳволдаги аёллар, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада шаҳримизда олиб борилаётган амалий ишлар хусусида сўз юритди. 

Шундан сўнг сўз олган Раъно Ярашева ҳамшаҳарлари билан шундай муборак кунларда учрашиб турганлигидан мамнунлигини билдирди. Ҳаёт йўлидаги эришган ютуқлари, машаққатлари ҳақида гапирар экан Раъно Ярашева инсон фақат бугунини эмас эртанги кунини ҳам ўйлаши, эртанги кунини бугунидан яхшироқ қилишга интилиши кераклигини, бунинг учун барчада имкон борлигини, фақат ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидлади. Зеро, жамиятда аёлларнинг оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги, фарзанд тарбиясидаги роли жуда катта. Бугун биз имкониятларимизни ишга солса албатта қилмоқчи бўлган ишимизни амалга ошириш учун барча шароитлар яратилган бир замоанда яшаяпмиз. Бунга фақат шукур қилишимиз ва берилган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз лозим, деди у ўз сўзида.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари ижодкорнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлдилар. Шеърлар, куй-қўшиқлар даврани янада қизитди.

Шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Шаҳло Кучкарова келгусида ҳам халқимизнинг севимли санъаткорлари, ижодкорлар иштирокидаги мана шундай маънавий-маърифий тадбирларни яна кўплаб ўтказиш режалаштирилганлигини таъкидлади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM