ШАҲАР ҲОКИМИ ҲАРБИЙ ҚИСМДА ТАШКИЛ ҚИЛИНГАН СИНФЛАРДАГИ ШАРОИТЛАР БИЛАН ТАНИШДИ 

Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий Армиямиз мудофаа салоҳиятининг юксалиши, ҳарбий хизматчиларнинг куч-ғайрати, профессионал малака ва жанговар шайлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, жорий йилдаги Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раҳбарлигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгиланган топшириқлардан келиб чиқиб ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи ёшларни юксак ватанпарварлик, мардлик, жасурлик ва фидойилик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шаҳримиздаги ҳарбий қисм ва муассасаларда соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳамда Жалолиддин Мангубердининг жасорати, ватанпарварлиги ва қаҳрамонлигини ёритадиган тематик синфларнинг ташкил этилгани бу борадаги ишларнинг амалий натижаси бўлди.

Куни кеча шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан ҳарбий қисмда ташкил этилган синфлардаги шароитлар билан яқиндан танишди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак ушбу синфлар шаҳар ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобдан ташкил этилиб, керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Ҳарбий қисмдаги Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди синфлари ушбу буюк инсонларнинг ҳаёти ва ҳарбий ишлари акс этган кўргазмалар билан жиҳозланганлиги бу ерда ўқиётган ҳар бир ёшда Ватанга садоқат, қолаверса буюк аждодларимизнинг хотираларига ҳурмат ҳиссини шакллантириши шубҳасиз. 

Шу куни шаҳар ҳокими ҳарбий қисмда амалга оширилаётган ободончилик ишларини кўздан кечирди ва ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашди.  

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM