ЭРКИНЖОН ТУРДИМОВ КАТТАҚЎРҒОНЛИК ЁШЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛДИ

Давлатимиз раҳбарининг  ташаббуси билан бугун халқнинг давлат органларига эмас, балки давлат идораларининг халқ учун хизмат қилаётгани ғоят қувонарлидир. Бу эса аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун Каттақўрғон шаҳридаги 11-мактаб биносида вилоят ҳокими Э. Турдимов каттақўрғонлик ёшлар билан учрашди.

Халқ билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усулларини кенг йўлга қўйган ҳолда ўтказилган учрашувдан кўзланган мақсадда ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, улар учун барча соҳада зарур қулайликлар яратишга қаратилган эзгу мақсад мужассам.

Учрашувда вилоят ва шаҳар корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Ёшлар билан мулоқотда вилоят ҳокими Э.Турдимов "Бугунги кунда фуқароларнинг дарду-ташвишини эшитиш, турли-хил муаммоли масалаларга қонуний ечим топиш, шунингдек уларга ҳар томонлама кўмаклашиб, ҳар бир шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ёшлар муаммоларини ҳал этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг энг устивор вазифаларидан бири ҳисобланади" дея таъкидлади.

Шундан сўнг ёшларнинг муаммолари юзасидан мурожаатлари тингланди.

 

Учрашув давомида ёшларнинг аксарияти ишга жойлашиш, тадбиркорликларини бошлаш учун кредит олиш, уй-жой олиш, таълим соҳаларидаги муаммолар юзасидан мурожаат қилдилар.

А.Ирдонов, М.Сайфуллаев, А.Исмоиловларнинг кредит олиш борасидаги мурожаатлари бўйича вилоят Халқ банки ҳамда Агробанк мутасаддиларига топшириқлар берилди. “Ноқис” маҳалласида яшовчи Фарангиз Қудратуллаеванинг таълим олиши учун кредит тўлови  ҳам ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, имтиёзли кредит ҳисобига мотороллер олиш истагида бўлган 5 нафар ёшларнинг мурожаати бўйича “Микрокредитбанк”  мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Учрашув давомида ёшлардан тушган 73 та мурожаат эшитилиб, ижроси юзасидан барча мутасаддиларга қонуний ҳал этиш, муддат талаб қиладиган мурожаатларни ҳам вақтида ҳал этиш бўйича вазифалар белгиланди ва ижроси назоратга олинди.

Айни дамда вилоят ҳокимининг Ингичка шаҳарчасидаги ёшлар билан ҳам учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги

Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM