МАҲАЛЛА МАРКАЗИ ОЧИЛДИ

 Халқимизда байрамлар арафасида яхши ниятлар билан янгидан қурилган ёки таъмирдан чиқарилган бино ва иншоотларни фойдаланишга топшириш анъана тусига кирган.

Бугун ҳам шаҳримизда 8 декабрь - Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллиги олдидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими учун “Маҳалла маркази” биноси фойдаланишга топширилди.

Очилиш тадбирида сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ватан ичра кичик ватан бўлган маҳалланинг ҳар бир инсон ҳаётидаги, жамият тараққиёти, мамлакат фаровонлиги йўлидаги ўрни беқиёс эканлиги хусусида сўз юритар экан, албатта, маҳаллалар фаолиятини самарадорлигини ошириш, оилаларнинг тинчлиги, аҳиллиги маҳалла раиси ва фаолларининг меҳнатларига бевосита боғлиқ эканлигини айтиб ўтди ҳамда ушбу марказ келгусида шаҳримиз аҳолисини қўллаб-қувватлаш йўлида хизмат қилишини таъкидлади.

Шаҳар ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат тадбир иштирокчилари марказда бўлимнинг фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Марказ ҳовлисида нуронийлар дам олиш маскани бунёд этилди. Ҳовлида, шунингдек, иккита лимонария иссиқхонаси ташкил қилинган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга фойдаланишга берилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM