МАҲАЛЛА - ХАЛҚ ВА ДАВЛАТ ЎРТАСИДАГИ КЎПРИК

Шаҳар Драма театрида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан шаҳримиздаги маҳаллалар раислари ва уларнинг ӯринбосарлари иштирокида ташкил этилган услубий ўқув-семинар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари А.И.Икрамовнинг “Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида олиб борилаётган ишлар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисида”ги маълумотида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда маҳалла раислари ва ўринбосарларининг билимларини, иш тажрибаларини оширишга қаратилди.

Семинар аввалида сўз олган вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Умаров Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ташкил этилгандан буён жойларда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

-Вазирлик ташкил этилгандан буён маҳаллалар тизимида иш унумдорлигини ошириш борасида жуда катта имкониятлар, соҳа ходимларнинг муносиб фаолият юритишлари учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилди дейди, -Асқар Умаров. Вазифалар аниқ қилиб белгилаб берилди. Энди ҳар бир маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари фақат ўз ишига виждонан ёндашиши, бугун ватан ичра кичик бир ватан бўлмиш маҳаллаларнинг давлат ва халқ ўртасида кўприк сифатидаги ролини ошириш, маҳаллани айнан жамиятнинг, давлатнинг ҳар томонлама ривожланиши инсониятнинг тараққий этишида ҳам жуда катта аҳамият касб этишини унутмаслик лозим.

Қолаверса, ўрганишларда аниқланган камчиликлар хусусида айтадиган бўлсак, асосан маҳаллалардаги иш ҳужжатларини юритиш бўйича, айрим маҳалла раисларининг ўз вазифаларини яхши билмасликлари, соҳага оид қонун ҳужжатлари билан яхши таниш эмасликлари маълум бўлди. Келгусида ҳар бир маҳалла раиси ўз устида ишлаши лозимлигини, ўтказилаётган ўқув-семинари ҳам шу мақсадда, яъни мана шу камчиликларни бартараф этиш учун ташкил қилинганлигини таъкидлади.

Шундан сўнг вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан маҳалла биносининг жиҳозланиши, ҳужжатларни юритиш, ишни ташкил қилишга оид ҳужжатларни жойлаштириш тартибига оид тушунтиришлар берилди ва видеоролик намойиш этилди. Семинар давомида шунингдек, ҳар бир секторда намунали маҳаллалар ташкил этиш борасида олиб бориладиган ишлар юзасидан ҳам топшириқлар берилди.

Семинар иштирокчилари шу куни шаҳримиздаги “Ҳайдарчаман” маҳалласида бўлдилар ҳамда ушбу маҳалла мисолида маҳалла бошқарувини ташкил этишнинг илғор усулларини қўллаган ҳолда “намунавий маҳалла” ташкил этиш ва эришилган ютуқларни келгусида бошқа маҳаллаларда ҳам кенг тарғиб қилиш бўйича келишиб олинди.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM