КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ 1 ОКТЯБРЬ-ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Қадрли ва муҳтарам устозлар!
Ўз ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли ва машаққатли ишга бағишлаган  Сиз, азизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Биз ўзимиздаги барча яхши фазилатлар, ҳаётимиз давомида қўлга киритган муваффақиятларимиз ва эришаётган барча ютуқларимизда Сизнинг муносиб ҳиссангиз борлигини юксак қадрлаймиз ва бунинг учун сиздан қарздормиз. 
Бор тажрибаси ва маҳорати ҳамда бутун қалб қўри билан ёш авлоднинг камол топишида  ҳисса қўшиб келаётган Сиз азизларнинг шаънингизга энг гўзал сўзлар ва эзгу тилаклар билан бирга чексиз миннатдорчилик ҳам билдирамиз. 
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугуни, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. 
Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. 
Охирги вақтда мамлакатимизда мактаб, мактабгача таълим ва олий таълим тизимида таълим-тарбияни  мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган жуда кўплаб қонун ҳужжатлари имзоланди. Уларнинг ижроси ўлароқ ўтган қисқа давр ичида таълимнинг барча босқичларида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Таълим-тарбия билан бирга таълим муассасаларининг замонавий ва янгича қиёфа касб этишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўқитувчи шахси, қадр-қимматига  бўлган ҳурмат ва эътибор янада ортди. Бу эса ўз навбатида ҳар бир соҳа ходимида ўз касбига бўлган садоқат ва меҳр-муҳаббатни юксалтириш билан бирга янада шижоат ва ташаббус билан ишлашдек масъулият ҳиссини янада оширади.  
Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-марифий  ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабдан бугун жамиятимизда ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кун сайин ортиб бормоқда. Муҳтарам Юртбошимиз ўқитувчи обрўсини ошириш, уларга эҳтиром кўрсатиш, меҳнатини қадрлаш ва муносиб шарт-шароитлар яратишни давлат сиёсати даражасига кўтарди.  
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб  ўтказилган тантанали маросимда Давлатимиз раҳбари мамлакатдаги барча ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллар экан, миллионлаб болалар қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаётган захматкаш ва олийжаноб устозларга бўлган ҳурмат, уларнинг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш борасидаги ишларнинг пировард мақсади, мамлакатда илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, тараққиёт учун зарур интеллектуал авлодни тарбиялашга қаратилганлигини айтиб ўтдилар. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистонни мактаб остонасидан бошлаймиз”,-дея таъкидлаганлари ҳам келгусида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилишининг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, Президентимиз томонидан соҳа ходимларининг шарафли аммо машаққатли меҳнатлари юксак эътироф этилган ҳолда таълим тизимини такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни  ҳал этиш, бугунги пандемия даврида устоз ва мураббийларнинг олдида турган долзарб масалалар, эришилган ютуқлар таҳлил қилинди. 
Аминмакни ушбу йиғилишда иштирок этган соҳа ходимлари яна бир бор педагоглик, устозликнинг нақадар улуғ касб эканлигини ва келгусида ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбияси йўлида амалга оширишлари лозим вазифаларнинг масъулиятини дилдан ҳис қилдилар.

Шу ўринда, биз ҳам ўтган вақт ичида пандемия даврида ўқувчи-ёшлар билан ўтказилган онлайн дарс жараёнларида фаоллик ва жонкуярлик кўрсатган шаҳримиз таълим тизимида фидокорона меҳнат қилаётган ўқитувчи-педагогларнинг хизматларини юксак эътироф этамиз. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан кўплаб ўқувчи-ёшларимиз ўтказилган онлайн кўрик-танловлар, олимпиадалар ва халқаро танловларда муносиб иштирок этиб ютуқларни қўлга киритдилар. 
Бугун шаҳримизда 17 та умумтаълим мактабида 16620 нафар ўқувчи-ёшлар таълим-тарбия олмоқда. Уларга таҳсил бераётган 971 нафар устоз-педагогларнинг 24 нафари олий, 43 нафари биринчи, 75 нафари иккинчи тоифали. Шунингдек бугун шаҳар халқ таълими тизимида  3 нафар давлат мукофоти совриндорлари ва 35 нафар “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони совриндорлари фаолият кўрсатмоқдалар. Ўтган ўқув йилида умумтаълим мактабларини тугатган 1202 нафар битирувчининг 1 нафарига кумуш ва 15 нафарига олтин медаллар топширилди. Ҳозирга қадар 153 нафар ўқувчи турли олий таълим муассасаларнинг талабалари бўлиш бахтига мушарраф бўлдилар.
Бугун таълим тизимига бўлган эътибор боис шаҳримиздаги умумтаълим мактабларининг моддий-техника базаси яхшиланиб замонавий, барча қулайликларга эга бўлган таълим масканларига айланмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Жорий йилда 1-2-3-4-5-6-8-9-11-12-15-16-17-20- умумтаълим мактабларида қурилиш таьмирлаш ишлари амалга оширилди. Ҳозирда шаҳар Халқ таълими ҳамда Мактабгача таълим бўлимлари учун янги маъмурий бинони қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Яна бир қувонарли томони жорий йилда 2 умумтаълим ҳамда 14 умумтаълим мактаблари негизида кимё-биология ҳамда математика фанларига  ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади.  
Таълим тизимида мактабгача таълимнинг алоҳида ўрни бор. Шаҳримизда фаолият кўрсатаётган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, таълим масканлари қиёфасини тубдан ўзгартириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Мавжуд 21 та мактабгача таълим ташкилотида болажонларни таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган. 5 та мактабгача таълим ташкилотида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугун 512 соҳа ходимлари болажонларни мактабгача таълим-тарбия олишлари йўлида  самарали меҳнат қилмоқдалар.
Яна шуни таъкидлаш жоизки Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23-сентябрда қабул қилинган  “2020-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қарорига кўра шаҳримизда Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат транспорт университетларининг филиаллари ташкил қилинади. Бу ҳам шаҳримизда таълим тизимини янада яхшилаш,  ўқувчи-ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражасининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.      
Албатта, келгусида ҳам  Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан халқ таълими соҳасини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун кенг имкониятлар яратиш борасидаги ишларимиз давом этади. Зеро, биз келажагимиз бўлган, шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида муносиб ҳисса қўша оладиган каттақўрғонлик ўқувчи-ёшларнинг тақдирини шаҳримиз таълим тизимида самарали меҳнат қилаётган Сиз, жонкуяр ва фидойи устозларнинг юксак билим ва малакангизга ишонамиз.
Азиз устозлар! 
Сизнинг фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-аҳлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизни юксак қадрлаймиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз бўлган фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. 
Яна бир касб байрамингиз 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. 
Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Ҳурмат ва эҳтиром билан 
Каттақўрғон шаҳар ҳокими в.б, Сенатор  Г.Алимова

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM