ВАТАНИМ САЖДАГОҲИМ

Ватан ҳақида шунчаки ёзиш анчайин мушкул. Кўнгилда Ватан туйғуси шаклланмай туриб, Ватанни ҳис қилиб бўлмайди. Баъзида ўзга юртларда юмуш важидан юрган одам Ватан қадрини кенгроқ билади дейишади. Аслида, Ватаннинг ичида туриб ҳам Ватанда уни чин дилдан севиб яшаган одам ҳам юрт қадр-қимматини тугал англай олади.

Фақат... Ватан ҳақида ёзишнинг яна бир мушкуллиги шундаки, кўпинча одам ўзи дилдан суядиганини таърифлашга муносиб сўз тополмай қолади. Шу боис, Ватанни севишни, уни ардоқлашни овозсиз, сассиз, аввало амалда, қилинаётган эзгу ишларда кўргим келади...

Ахир, биз ота-онамизни бирон манфаат кутмай севамизку! Ватанни ҳам ана шундай севишимиз, ардоқлашимиз керак.

“Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан” бетакрор мақол. Кўпинча Ҳазрати Бобурнинг:

Ўз юртни қўйиб ҳинд сари юзландим,

Ё раб, нетай бу не юз қаролиғ бўлди...

...Ҳа, ушбу сатрлар ёдимга тушади. Бобур Ҳазратлари ўз туғилиб ўсган ватанидан ўзга юртларга кетишга мажбур бўлди. Шоҳ ва шоирнинг қалбидаги армон бу. Мана шу икки сатрнинг ўзида шоирнинг қалбини ўртаган дард, яъни Ватан соғинчини илғаймиз. Шоир шоҳлик либосида ўзга юртда яратувчанлик ва бунёдкорлик ишларини амалга оширса-да, алал оқибат бари ватаннинг бир тилим қовунига арзимас эканлигига иқрор бўлади...

Болалигим бувимнинг ёнида ўтди. Бувим сўфи aзон айтмасидан хамир қориб қўярди. Нон ёпгунча ҳовлини супурарди. Озода ва пазанда аёл эдилар. Қуёш оламни ёритганда тандирдан нонлар узарди. Менга кичкина кулча берар, мен уни ариқ сувига ботириб роҳатланиб ердим. Ҳовлидан райҳон иси уфуриб турарди. Бувимнинг уйи — менинг ватаним эди.

Ватан дегани шу бир сиқим тупроқ, дея болаларга хос фикрлардим. Кейинчалик ана шу бир сиқим тупроқда ҳикмат кўплигини, бувимнинг ҳовлисига ҳеч нарсани алмашиб бўлмаслигини англадим...

Бугун она юрт ҳақида ёза туриб, ўша дамларни эсга олаяпман. Беихтиёр ўйга толаман, Ўзбекистон аталмиш ота маконим шу — менинг ватаним! Биз, туғилиб ўсган, бизни улғайтирган ватанимизга хиёнат қилишга заррача ҳаққимиз йўқ! Ватан остонадан бошланишини мен ўз болалигим кечган ажиб кунларда кашф этдим.

Яна ўйласам, Ватанни бизга севишни ва ардоқлашни ўргатадиган атрофимиздаги меҳридарё одамлар экан! Инсон боласи бир умр меҳрга ташна. Ҳа деганда кўзга кўринмас рингга яхши инсонлар билан ёнма-ён яшашга, меҳнат қилишга, қайноқ ва жўшқин ҳаёт сари талпинишга чорлайверади...

Ватан озодлиги — давлат Мустақиллигидир. Истиқлол бизга насиб этган энг буюк неъмат — бу Ватанимиз мустақиллиги. Ана шу буюк неъматни қўлга киритиш, эл-улусни ўз ерида эркин яшашини таъминлаш йўлида курашган ота-боболаримизнинг мақсади ҳам Ватанни озод кўриш бўлган.

Мустақиллик — бу ўз оринг, шону шавкатинг, эркинг, она тилинг, миллий тарихинг, ўз динингни, ўзлигингни қкайтарилишидир! Бу баландпарвоз, шунчаки тилда такрорланадиган сўзлар эмас. Бу шу юртда туғилиб ўсган, шу юртнинг нонини еб, сувини ичган ҳар бир инсоннинг онгу шуурида кечадиган, ҳам қалбан, ҳам ақлан мушоҳадага чорлайдиган бир даъватдир! Эҳтимол, бу фикр-мулоҳазаларимда ҳеч бир янги гап йўқдир, аммо менинг назаримда ватанни севиш ҳамиша шундай оддий, лекин осон иш эмас. Бироқ энг улуғ саодат шудир.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM