ҚАДРСИЗГИНА ҚАДРДОНИМ

Қизиқ. Қадрдон инсон қандай қилиб қадрсиз бўлиши мумкин, деб ўйлаётгандирсиз. Шундай. Чуқурроқ мушохада қилиб кўрсангиз англайсиз. Ўйлаб кўринг сиз учун энг қадрдон инсонларингиз ким. Ота-онангиз, опа-синглингиз, турмуш ўртоғингиз, фарзандларингиз, яна ҳаётингизда қандайдир маъно касб этувчи дўстларингиз албатта. Хўш, мана шу қадрдон инсонларингизни қанчалик қадрлаяпсиз. Бир кунда бир бора бўлсада ота-онангизга қанчалик яхши кўришингизни айтолмаганиз, опа-сингилингиз ака-укангизни телефонда бўлсада соғлигини сўрашга вақтингизни йўқлиги, неча йиллик турмуш ўртоғингизни яхши кўришингизни бир бора бўлсада ошкора айтолмаганингиз, сизни кута-кута ухлаб қолган кўзингизнинг нури, жигарбандингизга ишни деб кунда эмас, кунора бўлсада қаттиқ бағрингизга босиб меҳрингизни тортиқ этолмаганингиз, шу эмасми қадрдон инсонларнинг қадрсизлиги.   

Бир танишимини ота-онаси олдинма-кетин оламдан ўтди. Анча вақтдан кейин уни бир аҳволда учратдим. Шунда у кўзларидаги ёшларни яширолмади. “Ота-онамнинг ҳаётимда қанчалик ўрни борлигини, мен учун қардлари нақадар баландлигини уларни йўқотганимдан сўнг тушундим.  Алам қиладигани ота-онам доим мени билан бироз бўлсада гаплашишни истаганларида, бошқа сафар, сизлар доим ёнимдасиз, ишдаги ҳамкорларим билан ишларимни битказиб олай дердим. Ишларимни ҳам тугатдим. Муваффақиятларга ҳам эришдим. Афсуски, ёнимдаги қардон инсонларим билан суҳбатлашишни, ютуқларимни, қувончимни бўлишишни истаган вақтимда улар йўқ энди”, -дейди ўкинч билан.

Ёшлигидан бирга ўсган икки қадрдон дўстни билардим. Уларнинг шунчалар бир-бирига яқинлиги, доим бир-бирини қўллаб-қувватлаши, бирисиз-иккинчисини туролмаслиги кўпчиликни ҳавасини келтирарди. Лекин шу қадрдон дўстларни ораси бузилиб қолди. Улардан бири яхши лавозимга ишга ўтдию, уларнинг орасида тўсиқ пайдо бўлди. Мансаби сабаб янги дўстлар орттиргани боис у қадрдон дўстини унутди. Яқинда ушбу инсон билан суҳбатлашиш давомида ишидан айрилгандан сўнг барча дўстлари бир зумда йўқ бўлгани, йиллар давомида ўтмишга айланган қадрдон дўсти уни йўқлаб келиб далда бўлганини, ҳамма нарсани борида қадрлаш кераклигини, қадрдон инсонларни қадрига  етиш кераклиги ҳақидаги ўзининг аччиқ ҳақиқатларини тан олди.     

Фақат иш билан бўлиб оиламга кўп вқтт ажратолмасдим. Бора-бора бу одатий ҳолга айланди,- дея хотирлайди, яна бир суҳбатдошим. Уйга қачон қайтишимга қарамай мени кутиб турадиган рафиқамнинг борлигини ҳам сезмасдим. Фарзандларимни кўпинча эрта тонгда ишга кетишда кўрардим. Шунда ҳам улар билан овқатланишга вақтимини қизғониб ишга ошиқардим. Аслида турмуш ўртоғим билан севишиб турмуш қурган эдик. Кейинчалик мен аста-секин кўчанинг, ишнинг одамига айландим. Ҳали ҳаммаси олдинда кейинчалик бир-биримизга меҳр кўрсатаверамиз, ҳозир фарзандлар ёшлигида ишлаб, пул йиғиб шароитимизни яхшилаб олишимиз керак, деб ўйлардим. Лекин бир йил олдин оиламиз билан содир бўлган бахтсиз тасодиф ҳаётимизни буткул ўзгартириб юборди. Ўшанда оиламиз билан меҳмондан қайтишда автоҳалокатга учрадик. Рафиқам ва икки фарзандим вафот этди. Биргина қизим ва мен омон қолдик. Ҳозир шу қизимга боғланиб қолганман. Энди ишдан уйга қайтишга ошиқаман. Уйга келганимда эса ҳувиллаб қолган уй ютаман дейди. Рафиқам ва фарзандларимга айтолмаган сўзларимни, кўрсатолмаган меҳримни бергим келади. Бунинг иложи йўқ. Айтяман. Уларни қанчалик яхши кўришимни, ҳаётимда қанчалик қадрли эканликларини фақат энди уларнинг қабрлари устида айтяман. Лекин афсуски энди кеч. Инсон ўзи учун қадрли бўлган нсонларни қадрини уларни йўқотгандан кейингина биларкан. Лекин барчага айтган бўлардим. Ёнгинангизда бўлган қадрли инсонларингизни қанчалик яхши кўришингизни ҳар куни айтинг, токи дилда армон, кўнгилда пушаймон қолмаслиги учун.

Мана шундай мисолларни кўплаб келтиришимиз, ўз кўзимиз билан кўрган воқеалар ҳақида жуда кўплаб ёзишимиз мумкин. Келинг азизлар, ҳақиқатдан ҳам ёнингизда сиз билан ёнма-ён яшаёган қадрли инсонларингизни қадрланг, ардоқланг. Имкони борида улардан меҳрингизни дариғ тутманг. Сизга борлиғини бахшида этадиган қадрдонларингизни қадрига етинг, асло уларни қадрсиз қадрдонга айлантирманг.

Ҳилола ЭРГАШЕВА 

  

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM