МАҲАЛЛАЛАР ҚАНДАЙ ШАРОИТДА ИШЛАМОҚДА?

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Г.Алимова маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятини ўрганиш мақсадида маҳаллаларга борди.

Маҳалла фуқаролар йиғинларининг мақсад ва вазифалари жуда кўп. Олдидаги масъулияти ҳам юқори. Аммо ушбу шарафли ва масъулиятли вазифаларни самарали амалга ошириш зарур шароит ва имкониятларни ҳам талаб қилади.

Маҳалла - жамиятимизнинг энг асосий бўғини ҳисобланади. Ота-боболаримиз ҳам маҳалланинг фаровонлиги - оилаларимиз, фарзандларимиз тинчлиги учун меҳнат қилувчи, аҳолига беминнат хизмат кўрсатувчи муқаддас қўрғон сифатида азалдан қадрлаб келганлар ва бу қадрият бугунги кунда ҳам ўзининг аҳамиятини йўқотмаган.

Кейинги пайтларда маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, маҳаллаларда соғлом муҳитни яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, оилаларда, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, жойларда энг намунали маҳаллаларни кўпайтириш, маҳалла тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга муносиб шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш зарурлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, шаҳримизда 36 та маҳалла фаолият кўрсатаётган бўлса уларнинг кўпчилиги ўз биносига эга эмас, ёки биноси бўлсада кадастр ҳужжатлари йўқ эди. Шунингдек, айрим маҳаллаларда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори битта хонада ишлаётган бўлса, жуда кўпчилигида фаолият олиб бораётган биноларида ишлаш учун зарур шароитлар ҳам яратилмаган эди.

Бугунга келиб ҳар бир маҳалла ўз биносининг кадастр ҳужжатига эга бўлди. 6 та маҳалла авария холатида бўлганлиги учун қайтадан қурилмоқда, 19 та маҳаллада капитал ва жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда, 8 та маҳалла раислари ташаббуси билан таъмирланди, 2та маҳалла биноси бузилиб ўрнидан қайтадан қуриладиган бўлди.

Гавҳар Алимова "Баҳористон", "Чордара", "Қориравот" маҳаллаларига бориб қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди.

Шаҳар ҳокимига "Ўрикзор", "Ғарб мачит", "Очилдимурод Мирий" маҳаллаларида ҳам олиб борилган реконструкция ишлари намойиш этилди.

 Шаҳар “Маҳалла маркази” учун ажратилган жой ҳам эски бинода жойлашган бўлиб, жуда ачинарли ҳолатда эди. Вилоят ҳокимининг ташрифи давомида ушбу бинони капитал таъмирлаш ва замонавий, барча талабларга жавоб берадиган маҳалла марказига айлантириш бўйича топшириқлар берилган эди. Айни вақтда бинода катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Бугунги кунда ҳар соҳада бўлаётгани каби маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ҳам тубдан ислоҳ қилинмоқда. Жойларда маҳалла фуқаролар йиғинларининг роли ва обрўсини ошириш, маслаҳат кенгашлари фаолиятини жонлантириш ва халқ билан маҳалла ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида оилалар тинчлигини таъминлаш, “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар-келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кредит маблағлари ажратилиши эвазига жойларда ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларга ёрдам бериш аҳолимизнинг турмуш даражаси, яшаш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM