ТОҒ БАҒРИДАГИ ГУРУНГ

Яқинда фарзандларим, набираларим билан Ургутда бўлдик. Тоғларга чиқдик. “Яхдон” ғоридан оқиб чиқаётган зилол чашма сувидан ичиб таънимиз яйради. Тоғнинг ярим бетида кулба қуриб, етмиш уч ёшда ҳам ғайрати сўнмаган Асрор ака бизни эчки сутидан тайёрланган қаймоқдек қатиқ билан меҳмон қилди. Тоғ олчасидан шарбат, наъматакни чойидан ичиб ҳузур қилдик.

 

Асрор ака кўпни кўрган, кўп нарсадан хабардор, табиатшунос, табибсифат инсонлардан экан.

-Табиат билан, тоғлар билан яқинроқ бўлишингиз керак, - дейди Асрор ака. –Инсонни табиатдан алоҳида ажратиб олиб ўрганиш асло мумкин эмас. Одам Ато билан Момоҳавога ҳам бежизга жаннат тортиқ этилмаган. Уларнинг атрофида буғдой, олма каби жаннатий неъматларнинг барчаси бор эди. Бу неъматлардан баҳраманд бўлгани учун улар жаннат табиатидан ернинг табиатига қувғин қилинишди. Демак, Одам яратилганда табиат билан ҳамнафас бўлган ва ҳеч қачон табиатдан айро ҳолда яшай олмайди. Ахир дунёда табиатдан, тоғдан узилмай яшаб, бир юз олтмиш ёшгача яшаган инсонлар ҳам борку?!

-Яна бир мисол келтирай, - дея гурунгни давом эттирди Асрор ака. –Чўлда қолиб кетган, сувсизликдан, очликдан силласи қуриган, танасида қуввати, юришга мадори қолмаган йўловчи узоқдан икки туп дарахтни кўриб қолса, унинг танасида кутилмаганда куч пайдо бўлади ва ўша тарафга шитоб билан одимлай бошлайди. Чунки, у ўзига “ўша ерга етиб олсам тирик қоламан”, деган рағбатни беради.

Суҳбатдошимиз мева ва кўкатларнинг шифобахшлиги хусусида ҳам кўплаб далиллар келтирди:

Хитойнинг тибетида тоғлар орасида яшайдиган аҳолининг асосий озуқаси туршак экан. Ундан нон қилишади. Дамламалар тайёрлашади. Уларнинг ўртача умр кўриши 110-120 ёшни ташкил этаркан. Чунки туршакнинг таркибида юракка қувват берадиган моддалар борку ахир! Сиз Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобини ўқинг. Унда “... ҳар бир инсон бир кунда 19 дона қора майиз ейиши керак”, деб айтилган. Туршак, майиз еб юрган одамлар узоқ умр кўришаркан, хотираси мустаҳкам, юраги бақувват бўларкан. Ҳар куни эрталаб, кечқурун ивитиб қўйилган туршакнинг бир пиёла шарбатини ичиш одат қилинса, танамиз учун энг керакли малҳам мана шу. Авваллари тутмайизлар, қовунқоқилар, жийдалар дастурхонниннг кўрки бўларди. У пайтлар қанд билан оғриган одамларни кам учратардик. Ҳозирги вақтда эса биз бу неъматларни эътиборсиз қолдиряпмиз. Меҳмон чақирсак, дастурхонимизни ялтироқ қоғозларга ўралган шакаладлар билан безаймиз.

...Тилларанг кузпалласидаги тоғ сайри, ургутлик қадрдонлар билан дилкаш суҳбатлардан беҳад яйрадик. Энг асосийси, тоғларга, она табиатга меҳримиз ўн чандон ошди. Демак, инсон йиллар давомида ўзи яшаётган муҳитга, табиатга мослашган. Ўзингникидан қўймасин, деган гапнинг асосий маъноси мана шунда. Мирзо Бобур хаста бўлиб қолганида Она юртининг қовунини сўрагани ҳам бежизга эмас эди!

Инсоннинг умри – бебаҳо неъмат. Ана шу неъматни асраб авайлашимиз учун энг аввало табиат билан ҳамнафас яшашни ўрганишимиз керак.

Абдуазиз ҲОШИМОВ.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM