ДЎСТИНГ АГАР СЕНИ АЛДАСА...

Марҳум хонанда Нуриддин Ҳайдаровнинг маҳзун қўшиқларидан бири “Дўстим мени алдади” деб бошланади. Ҳа, алданиш ёмон. Хусусан, дўстинг сени алдаса, панд берса...

Баъзан бегоналарнинг бизга етказган зарарига унчалик аҳамият бермасмиз, лекин яқин кишиларимизнинг арзимас эътиборсизлиги дилимизни қаттиқ ранжитади. Майлида, эртасига яна кулиб ўзимизни ҳеч нарса бўлмагандек тутиб кетамиз. Чунки, у дўст дўстдан эса хафа бўлмайдилар.

Бундай вазиятларда дўстдан бутунлай воз кечгандан кўра, уни ўз ҳолига қўйишни, бу борада чуқурроқ мулоҳаза юритишга имкон беришни афзал билдим. Чунки, дунёда ҳеч қандай ришта ўз-ўзидан боғланмайди, балки маълум синовлардан ўтади, лекин ҳар бир нарсада чегара борлигини унутмаслик лозим. Ҳар доим ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларимиз, фикримизни тўғри деб билаверсак, орадаги ришталардан бирор маъно ахтаришга асос қолмайди.

...Кимдандир қаттиқ ранжиган ёки ҳаётда омадсизликка учраган одам, энг аввало, яқинларидан нажот кутади, уларнинг маслаҳатига муҳтожлик сезади. Ана шу яқин инсон дўстинг, ҳамкасбинг, турмуш ўртоғинг ёки оила аъзоларинг бўлиши мумкин. Муаммо нимада эканига қараб тўғри йўл кўрсатувчи кишига суянамиз. Зотан, у биз учун қайғурадиган, дардимизни тушуна оладиган бўлиши керак.

Ёнимдаги инсоннинг қандай яшаши, атрофдагиларга муносабати мен учун аҳамиятсиз эмас. Унинг ҳаёт тарзида, кайфиятида нохушлик сезсам, албатта, бу мени бефарқ қолдирмайди.

Киши ўз-ўзидан тушкун ҳолатда юрмайди. У бирор нимадан изтироб чекаётган, нимадир унга тинчлик бермаётган бўлиши мумкин. Агар кайфияти яхши бўлмаса, бошқаларнинг дилини вайрон қилиши ёки ичида тинмай ўт олаётган алам, ғазаб охир-оқибат турли нохушликларга олиб келиши мумкин. Ҳақиқий дўст эса буни аввалроқ пайқайди, унинг кўнглига қўл солиб, дардини олишга ҳаракат қилади, салбий оқибатларнинг олдини олади.

Агар дўст ҳақиқий бўлса, дўстнинг яхши-ёмон кунида ҳозиру нозир бўлади. Уни ёлғизлатиб қўймайди. Дўстининг ҳолатини ўша пайтдаги ҳар қандай манфаатидан устун қўяди. Фақат ўз хотиржамлигини ўйлаган инсон эса фидойи дўст бўлолмайди. Омадсизлигидан нолийдиган, атрофдаги жараёнларга бепарво ёки салбий муносабатда бўладиган одам энг ожиз одамдир. У қандай қилиб бошқанинг суянчи бўла олсин?

Давраларда “Намунча дўстинг учун куйиб-ёнасан, кўрамиз, сенга не каромат кўрсатаркин? Бошингга ташвиш тушганда уни ҳеч қаердан тополмай қоласан”, дейдиганлар кўп бўлади. Агар биз ёнимиздаги яқин кишиларга ана шундай ишончсизлик билан қарайверсак, бошқаларнинг бу борадаги фикри ҳаётимизнинг айни ҳақиқатига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Яна бир ҳақиқат борки, кимгадир ёққан-ёқмаган одамни сиз ҳам ёқтиришингиз ёки ёқтирмаслигингиз шарт эмас, чунки бошқанинг дунёсига сиғмаган одам айни сиз излаб юрган инсон бўлиши ҳам мумкин.

Абдуазиз ҲОШИМОВ. 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM