ОДАМГАРЧИЛИК... КАРАНТИН: ИККИНЧИ ҲИКМАТ

Карантин шароитида яшаётган халқ ўзи билиб, ёки билмай яхши томонга ўзгараётган ҳаётнинг бир бўлагига айланмоқда.

Бугун яшаётган инсон кечагидан фарқ қилади. Ҳозирги ўзбек -меҳр оқибатли, муҳими одамгарчилиги юқори инсондек туюлади.

Вабо мисоли ёпирилган касаллик инсонни бу оламда бор йўғи зарра эканлигини эслатиб қўйди. Кўп ҳикматларни ато этди. Сайёрамиз ифлос атмосферадан тозаланди, одамдан одамга кўчиб юрган минглаб юқумли касалликларни занжирини узди, бойни камбағалга меҳрини ўйғотди.

Катта бойликлар, пул орттириш илинжида туну-кунини алиштириб қўйганларга оила борлигини кўрсатди. Инсонлараро меҳр ва мурувват туйғулари борлигини эслатди. Йиллаб ухлаб қолган қалбларда Оллоҳга муҳаббат ҳиссини уйғотди.

 Аввал коронавирус пандемияси, кучли шамоллар, сув босишлари, зарарли хашаротлар хужуми, яна қатор табиий, олдинма -кейин келган офатлар инсонларни кўзини очишга, ҳаётга бошқача кўз билан қарашга мажбур этди.

 

Каттақўрғонда ҳам март ойида карантин эълон қилиниши туфайли аҳолининг яшаши, кун кўриши билан боғлиқ кўп саволлар пайдо бўлган эди. Барча масжидларда Қуръони каримдан тиловат қилиниб, қўйларни қурбонликлар келтирила бошланиши янги даврни бошлаб берди. Ўзини фақат тадбиркор деб ҳисоблаганлар эмас, балки шу шаҳарда яшаб бировга озгина ёрдам бериш имконияти бўлган инсон борки, имкон даражада ёрдам кўрсатишга шошилди. Эҳсонларни йиғиш учун ташкил этилган омборлар маҳсулотга тўлди. Ун, шакар, ёғ, сабзавотлар, яшаш учун биринчи даражали озиқ-овқат маҳсулотлари тўлдирилган машиналар, қўй сўйиб эҳсон қилмоқчи бўлган инсонлар навбати чўзилиб кетди.

Ёрдамга ошиқаётган Каттақўрғон аҳлини кўриб севинасиз. Секингина келиб, “Иложи бўлса мени исмим сир бўла қолсин, савоб учун”дейди.

Ажойиб халқимизнинг бирдамлиги эҳсонларда бардавомлиги, дуоларда собитқадамлиги учун барча қийинчиликлар ортда қоляпти.

Одамгарчилик, меҳр-оқибат мустаҳкамлангани рост.

Каттақўрғоннинг гўзал гўшага айланишида аввало шу халқнинг бир тан, бир жонлиги, ниятларнинг эзгулиги муҳимдир.

Ҳамшаҳарларимиздаги одамгарчиликни кўриб Каттақўрғонда яшаётганингдан фахрланасан.

Бу эса жуда муҳим...

Умрингиз узоқ бўлсин, азиз каттақўрғонликларим...

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM