“БОҒЧАЛАР”НИНГ БОҒИ ҲАМ ОБОД БЎЛАР...

Кейинги бир-икки йил ичида Каттақўрғон шаҳрида очилган, тадбиркорлар - Зулфия Полвонованинг “Афсона”, Дилафрўз Кенжаева раҳбарлигидаги “Хурсаной” номли  мактабгача таълим муассасалари, оддий қилиб айтганда “болалар боғчалари” янги даврни бошлаб берди.

Тадбиркорларнинг бу лойиҳаларга киришишлари ортидан болажонлар учун нафақат дам олиш, тарбияланиш, балки ҳар томонлама яхши муҳитда камол топиш имконияти пайдо бўлди.

Давлат муассасалари ҳақида гап кетганда  ҳамиша боғчаларнинг фидойи, камтарин ва муҳими профессионал тарбиячилари кўз олдимизда гавдаланади. Уларнинг тарбияси туфайли ҳар йили минглаб болаларимиз мактабларнинг биринчи синфидаёқ ўз иқтидорини кўрсата оляпти.

Давлат ва нодавлат таълим муассасалари таққосланганда, янги ва замонавий жиҳозлар, инвентарлар билан таъминланган давлат мактабгача таълим муассасалари хусусий боғчалардан қолишмаслигини намоён қила олади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова мактабгача таълим муассасаси тизимидаги ташкилотларни айланди.

Ҳокимни болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиниши, боғчаларда яратилган шароитлар ва уларнинг ободонлаштириш масалалари билан қизиқар экан, шаҳардаги барча боғчаларни  қулай ва замонавий муассасаларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Каттақўрғон шаҳрида мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 7224 нафар бўлиб, ундан 4766 нафари, ёки 66 фоизи болалар боғчаларига қамраб олинган. Бу кўрсаткич 21 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 3980 нафар, 3 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотида 455 нафар, 1 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 50 нафар ҳамда 15 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 281 нафарни ташкил этади.

2, 3, 4, 5, 7, 11, 12, 17, 19-сонли мактабгача таълим ташкилотларида ўрганиш ўтказилганда асосан кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, ошхона жихозларини янгилаш, бинони таъмирлаш каби йўналишлар бўйича тавсиялар берилди.

Бироз вақт ўтгач, белгиланган шартлар асосида мактабгача таълим ташкилотлари ҳам ўз фаолиятини бошлаши муқаррар.

Шаҳар ҳокими Г.Алимованинг айтишича, боғчаларда болалар учун яратилган шароитларни яна бир бор танқидий кўз билан кўриб чиқиш керак.  Шу сабабли барча мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларига умумий - санитария-гигиена талаблари асосида профилактика кунларини ташкил этиш, худудда гулзорларни тартибга келтириш, болаларни дам олиши ва тарбияланиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш вазифаси топширилди.

Шаҳар ҳокими белгиланган вазифаларни ижроси бўйича ойнинг охирида барча боғчаларни қайта кўриб чиқишини маълум қилди.

Каттақўрғонда бўлаётган катта ўзгаришлар мактабгача таълим муассасаларини ҳам четлаб ўтмайди, дея ишонса бўлади.

 

 

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM