ХАЙР - САХОВАТЛИЛИК ХАЛҚИМИЗГА ХОС

Халқимиз бундан олдин ҳам кўп синовларни бошидан ўтказган. Лекин ўз тажрибаси,  ҳамжиҳатлилиги билан уларни енгиб ўтган. Бугун  дунё мамлакатлари сингари юртимизда ҳам коронавирус касаллигини олдини олиш, унга қарши курашишда халқимиз ўзининг бирдамлигини, меҳр-оқибатлилик, саховатлилик ҳислатларини намоён этмоқда. Жумладан, карантин сабабли ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам бериш мақсадида Юртбошимиз ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ  ҳаракати доирасида хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Шаҳримизда ҳам бу борада саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар томонидан мана шундай оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор, гигиена воситаларидан иборат саховат қутилари етказиб берилди.

Бу ишда депутатлар ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.

-Бугунги синовли кунларда барчамиз биргаликда иш олиб боришимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Имконияти бор ҳар қандай инсон қийин вазиятда қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиши керак. Зеро, биз мана шундай сахий, қўшнисининг уйида қозон қайнамаган бир вақтда ўзи еб турган таомини илинадиган, ёнида юпун кийинган танишини кўриб ўзининг устидаги кийимидан хижолат бўладиган, бир бурда бўлсада нонини бошқалар билан баҳам кўришдек юксак инсоний фазилатларга эга бўлган халқнинг вакилимиз. Булар бугунги синовли кунларда янада яққол кўринмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз халқимизнинг мана шундай инсоний фазилатларини амалда кўрсатишимиз, қолаверса бунда ташаббусни қўлдан бермаслигимиз лозим, деб ўйлайман, - дейди 2-умумтаълим мактаби директори, вилоят Кенгаши депутати  Замира Исанова.

 

Албатта, З.Исанова ўз сўзларини амалда исботлади ҳам. Шаҳримизда ташкил этилган хайрия марказига  кўплаб озиқ- овқат маҳсулотлари,  санитария-гигиена воситалари ва эҳтиёжманд оилалар учун керакли рўзғор буюмларини тақдим этди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалардан бирини камбағалликдан чиқариш, моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида ўз қарамоғига олди.

 

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам бугун ҳар бир каттақўрғонлик ташаббус кўрсатиши, меҳр-оқибатлилик, хайр-саховатлилик каби инсоний фазилатлар билан бошимиздан кечаётган синовли кунларни енгишда ўз ҳиссасини қўшиши мақсадга мувофиқдир.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

 

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM