КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ 1 ОКТЯБРЬ-ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Қадрли ва муҳтарам устозлар!
Ўз ҳаётини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли ва машаққатли ишга бағишлаган  Сиз, азизларни
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Биз ўзимиздаги барча яхши фазилатлар, ҳаётимиз давомида қўлга киритган муваффақиятларимиз ва эришаётган барча ютуқларимизда Сизнинг муносиб ҳиссангиз борлигини юксак қадрлаймиз ва бунинг учун сиздан қарздормиз. 
Бор тажрибаси ва маҳорати ҳамда бутун қалб қўри билан ёш авлоднинг камол топишида  ҳисса қўшиб келаётган Сиз азизларнинг шаънингизга энг гўзал сўзлар ва  эзгу тилаклар билан бирга чексиз миннатдорчилик ҳам билдирамиз. 
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир. 
Шунинг учун мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. 
Охирги вақтда мамлакатимизда мактаб, мактабгача таълим ва олий таълим тизимида таълим-тарбияни  мутлақо янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган жуда кўплаб қонун ҳужжатлари имзоланди. Уларнинг ижроси ўлароқ ўтган қисқа давр ичида таълимнинг барча босқичларида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Таълим-тарбия билан бирга таълим муассасаларининг замонавий ва янгича қиёфа касб этишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўқитувчи шахси, қадр-қимматига  бўлган ҳурмат ва эътибор янада ортди. Бу эса ўз навбатида ҳар бир соҳа ходимида ўз касбига бўлган садоқат ва меҳр-муҳаббатни юксалтириш билан бирга янада шижоат ва ташаббус билан ишлашдек масъулият ҳиссини янада оширади.  
Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-марифий  ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Шу сабабдан бугун жамиятимизда ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик кун сайин ортиб бормоқда. Муҳтарам Юртбошимиз ўқитувчи обрўсини ошириш, уларга эҳтиром кўрсатиш, меҳнатини қадрлаш ва муносиб шарт-шароитлар яратишни давлат сиёсати даражасига кўтарди.  
Бугун Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб  ўтказилган тантанали маросимда Давлатимиз раҳбари мамлакатдаги барча ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллар экан, миллионлаб болалар қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаётган захматкаш ва олийжаноб устозларга бўлган ҳурмат, уларнинг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш борасидаги ишларнинг пировард мақсади, мамлакатда илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, тараққиёт учун зарур интеллектуал авлодни тарбиялашга қаратилганлигини айтиб ўтдилар. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистонни мактаб остонасидан бошлаймиз”,-дея таъкидлаганлари ҳам келгусида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилишининг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, Президентимиз томонидан соҳа ходимларининг шарафли аммо машаққатли меҳнатлари юксак эътироф этилган ҳолда таълим тизимини такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни  ҳал этиш, бугунги пандемия даврида устоз ва мураббийларнинг олдида турган долзарб масалалар, эришилган ютуқлар таҳлил қилинди. 
Аминманки, ушбу йиғилишда иштирок этган соҳа ходимлари яна бир бор педагоглик, устозликнинг нақадар улуғ касб эканлигини ва келгусида ёш авлоднинг муносиб таълим-тарбияси йўлида амалга оширишлари лозим вазифаларнинг масъулиятини дилдан ҳис қилдилар.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM