431 НАФАР ЁШЛАР ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Мамлакатимизда ўқувчи-ёшларни иқтидорларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш ҳамда қўллаб-қувватлаш таълим тизимини ривожлантириш борасидаги тизимли ишларнинг асосини ташкил қилади десак, муболаға бўлмайди.

Бу борада Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқтидорли ёшлар билан ишлаш, истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ягона ва самарали тизимнинг яратилганлиги, жойларда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил қилингани фикримизнинг исботидир.

Бугун ана шундай ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ Каттақўрғон шаҳридаги Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабнинг очилиш тадбири бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, сектор рахбарлари, Халқ таълими ходимлари, жамоатчилик вакиллари ва ота-оналар иштирок этдилар.

Ўқувчиларни ва мактаб жамоасини янги ўқув йилининг очилиши билан муборакбод этган шаҳар ҳокими келгусида ушбу маскан Каттақўрғон шаҳрини маънавий-маърифий жиҳатдан  ривожлантириши, унинг тараққиётига ҳисса қўшадиган юксак иқтидор ва билим эгаларини етиштириб берадиган муассасага айланишини таъкидлади. Бунда мактабда фаолият юритадиган педагог кадрларнинг,  мактаб жамоасининг алоҳида ўрни борлигини айтиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари мактабда ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия бериш учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Қуввати 660 ўринли бўлган ушбу таълим даргоҳи ўқувчиларнинг таълим олишлари учун замон талаблари даражасида жиҳозланган.

Мактабда 38 та ўқув ва лаборатория хоналари, спорт зал, ошхона ва ўйингоҳ мавжуд. Билим даргоҳи  бугун саралаш имтиҳонларидан ўтган 431 нафар ўқувчиларни ўз бағрига олди. Ўқувчи-ёшларнинг айниқса, ота-оналарнинг бугун қувончлари чексиз.

Ёшларга Мустақиллик дарсини ўтган шаҳар ҳокими Мустақилликнинг Давлатимиз тараққиётидаги ўрни, ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, Каттақўрғон шаҳридаги таълим соҳасидаги муваффақиятлар ҳақида сўз юритди.

Ўз навбатида ёшлар ҳам бу имкониятлар ва билдирилган ишончга келгусида  ўз билим ва иқтидорлари билан жавоб беришларини, юрт равнақига ҳисса қўшишларини билдирдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM