МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДАГИ ИМКОНИЯТЛАР ЮЗАСИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Бошқа соҳалар сингари шаҳримизда кейинги салкам икки йил ичида таълим, хусусан мактабгача таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. Бу ҳақда бугун шаҳар Мактабгача таълим бўлимида шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманида бўлим мудири Улуғбек Джалолов қуйидагиларни маълум қилди.

-Каттақўрғон шаҳрида 2021 йил 1 декабрь ҳолатига кўра жами 52 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда, жумладан 24 та давлат, 5 та давлат-хусусий шериклик асосида, 3 та нодавлат ҳамда 20 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари. Айни дамда шаҳримиздаги 7677 нафар мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 6240 нафари мактабгача таълимга қамраб олинган бўлиб, бу жами болаларнинг 82.3 фоизини ташкил этади. Жумладан, 24 та давлат мактабгача таълим ташкилотида 4120 нафар, 5 та давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотида 896 нафар, 3 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 360 нафар ҳамда 20 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 500 нафар болалар қамраб олинган.

2021 йилнинг 12 ойи давомида жами бўлиб 485 та янги қувват яратилди.

Шунингдек, 4 та оилавий нодавлат МТТ ташкил этиш ҳисобига 125 нафар, 3 та “Зарафшон”, “Нурафшон” ҳамда “Миёнкол” маҳаллаларида 1 тадан ҳамда 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 1 та, 12-умумтаълим мактабида 2 та жами 6 та мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш гуруҳлари ташкил этилди натижасида 180 нафар 6-7 ёшли болалар қамраб олинди.

Жорий йилнинг охирига қадар шаҳардаги 7677 нафар 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан 88.0 фоиз қамраб олиш бўйича режа-дастур ишлаб чиқилган. Ушбу дастурга асосан “Инвестиция” дастури доирасида таъмирлаш ҳисобига яратиладиган янги қувват ҳисобига 180 нафар, жумладан “Ғарб мачит” маҳалласидаги 12-сонли мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирланади ҳамда қўшимча 60 та қувват яратилади. Педагогика коллежи базасида янги давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиши эвазига 120 та ҳамда мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлар ташкил этиш ҳисобига 180 нафар болалар қамраб олинади.

Мактабгача таълим бўлими мудири йил якунига қадар Каттақўрғон шаҳрида қўшимча қувватларни ишга тушиши хисобига қамров кўрсаткичи 88%га етказилишини таъкидлади.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари бўлимда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

Шунингдек, матбуот котиблари 2- мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлдилар.

Наргиза Каримова раҳбарлик қилиб келаётган ушбу мактабгача таълим ташкилоти 1936 йилда мослаштирилган 2 қаватли бинода жойлашган. 2016 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан қайта қурилган.

Ҳозирда муассасада 8 нафар тарбиячи фаолият юритади. 7 та гуруҳда 200 нафар  болажонлар таълим-тарбия олмоқда.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM