БИЗ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИМИЗ!

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган 25 ноябрь – “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни” муносабати билан «Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз» шиори остида «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” доирасида шаҳримизда бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

Куни кеча шаҳар Болалар мусиқа ва санъат мактабида ана шундай тадбирлардан яна бири ўтказилди. Шаҳар ҳокимлиги, Халқ таълими бўлими ҳамда Самарқанд Давлат Университети Каттақўрғон филиали ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирга шаҳримиздаги маҳаллалар вакиллари, хотин-қизлар, отинойилар иштирок этдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бугун мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳаётда ўз ўринларини топишлари, жамиятнинг фаол ва тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

Шундан сўнг 2 умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан мавзу юзасидан мусиқий саҳна кўриниши намойиш этилди.

Тадбир давомида отинойилар томонидан намойиш этилган оилада келиннинг ўрни, қайнона-келин муносабатлари акс этган саҳна кўринишини тадбир иштирокчилари қизиқиш билан томоша қилдилар. 

Шунингдек, тадбирда 11 ИДУМ жамоасининг “Қиз оиланинг, оила-миллатнинг кўзгуси” мавзусидаги ҳамда 16 ИДУМ жамоасининг “Менинг оилам-менинг маҳаллам” мавзусидаги саҳна кўринишлари хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги масалаларни яққол кўрсатиб берганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган жамоаларга шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномаси тақдим этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM