ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ ҚИРҚ ТЎРТИНЧИ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Куни кеча Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдаги қирқ тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими ўринбосарлари, депутатлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Сессия кун тартибига киритилган 8 та масала кўриб чиқилди.

Дастлаб, “Обод маҳалла” дастури доирасида ягона онлайн тизимига маълумотларни киритилиши юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисида шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Ж.Умаровнинг ахбороти тингланди.

Иккинчи масала юзасидан яъни, 3-сектор ҳудудида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва мавсумни беталофат ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари А.Убайдуллаев ҳисобот берди.

Депутатлар навбатдаги масала бўйича Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни 30 фоизга ошириб бажариш борасида жорий йилнинг январь-октябр ойининг якуни билан амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Сайиповнинг ахборотини эшитдилар.

Сессия кун тартибидаги 4 масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармонининг 2021 йил январь-ноябрь ойларидаги ижросига бағишланиб, бу борада қилинган ишлар юзасидан шаҳар Туризм ва спорт бўлими бошлиғи С.Ниязов ҳисобот берди.

Шунингдек, сессия давомида шаҳар ҳокимининг 2021 йил 17-ноябрдаги “Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги 

96-7-106-Q/21-сонли қарорини тасдиқлаш, Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашига бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссия аъзолигига номзодлар тавсия этиш, “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисоб-варағидан кам таъминланган, эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда шаҳар маҳаллий бюджетининг 4-чорак маҳаллий бюджет даромадлар ва харажатларини баланслилигини бузмаган ҳолда кўпайтириш, бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасига ўзгартириш киритиш тўғрисида масалалар ҳам депутатлар эҳтиборига ҳавола этилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM