25 НОЯБРЬ - ХАЛҚАРО АЁЛЛАРГА НИСБАТАН ЗЎРАВОНЛИККА БАРҲАМ БЕРИШ КУНИ 

БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йилнинг 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни, деб эълон қилинган. 

Бу борада мамлакатимизда ҳам аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилишга доир бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, 10 га яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шунингдек, 25 ноябрдан бошлаб «Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз» шиори остида «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси бошланди. 16 кунлик ҳаракат доирасида хотин-қизларга ҳуқуқий -психологик ёрдам кўрсатиш, маслаҳатлар бериш, умуман аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилади.

Бугун шу муносабат билан Самарқанд Давлат Университети Каттақўрғон филиалида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этди. Сўзга чиққан шаҳар ҳокими мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор, аёллар ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритди. 

Шунингдек, тадбирда СамДУ хотин-қизлар кенгаши раиси, ректор маслаҳатчиси Ш.Тўхлиева, шаҳар хотин-қизлар кенгаши раиси Ш.Кучкарова ҳамда шаҳар ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича масъул , катта инспектор З.Ахатовалар ўзларининг маърузалари билан иштирок этдилар.

Давра суҳбати давомида талабаларга “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юзасидан ҳамда гендер тенглиги, оиладаги зўравонликларни олдини олиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

Қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган давра сухбатида талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM