“ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ОЙЛИГИ” ДОИРАСИДАГИ ТАДБИРЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Айни дамда юртимизда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг жорий йил 2 ноябрдаги 23 сонли баёни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 10 ноябрдаги 328-сонли буйруғида белгиланган топшириқдан келиб чиқиб, 15 ноябрдан 15 декабргача “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” кетмоқда. Шу кунга қадар ойлик доирасида Каттақўрғон шаҳрида ҳам кўплаб тадбирлар, ёнғин хавфсизлиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. 

Жумладан, аҳоли хонадонларида, идора ва ташкилотларда, маҳаллалар, мактабларда бу борада амалий ишлар ташкил қилинди. Яқинда шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда қилинган ишлар таҳлил қилинди.

Шаҳар ҳокими Г.Алимова раислигида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ва ҳамкорликдаги хизматлар ҳамда шаҳримиздаги идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Унда сўз олган шаҳар ҳокими Г.Алимова ҳамда вилоят ФВБ бошлиғи ўринбосари У.Ахроровлар ойликнинг аҳамияти, бу борада шу кунга қадар амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритдилар ва ойлик давомида ёнғинларни олдини олиш, хусусан аҳолининг ис газидан заҳарланиши ва ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кенг қамровли ва сифатли ўтказишга алоҳида эътибор қаратишни ва бунда барча ташкилотларнинг ҳамкорликда иш олиб боришлари муҳимлигини таъкидладилар.

Йиғилиш давомида билдирилган фикр ва мулоҳазалар тингланиб, келгусида ойлик доирасида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM