ТАРТИБ-ҚОИДАЛАРГА БАРЧА АМАЛ ҚИЛИШИ ЛОЗИМ

Мамлакатимизда айни вақтда коронавирус пандемияси сабабли Республика махсус комиссияси қарори билан айрим чекловлар ўрнатилган. Бу албатта касалликни авж олишига йўл қўймаслик ва унга карши курашишнинг энг мақбул йўлларидан ҳисобланади.

Жумладан, Республика махсус комиссияси қарорига биноан жорий йил 20 июлдан бошлаб, умумий овқатланиш объектлари – ресторан, кафе, ошхона ва чойхоналарни соат 8:00 дан 20:00 гача фақатгина очиқ ҳавода ишлашига (меҳмонхоналарда ташкил этилган ресторан ва кафелар бундан мустасно) рухсат берилган эди.

Шунингдек, яна бир киритилган ўзгаришга кўра, шу йил 20 июлдан агар тўйхоналар (ресторанлар)да оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни очиқ ҳавода ўтказиш имкони бўлмаган тақдирда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда 50 кишидан кўп бўлмаган (яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) шарти билан ўтказиш белгиланган эди.

Лекин афсуски, бугун айрим фуқаролар ўзларининг ноурин ҳатти- ҳаракатлари билан ушбу тартиб-қоидаларга амал қилмаётганликлари ёки уларга беписандлик билан муносабатда бўлаётганлари дилингизни хира қилади.

Жумладан, яқинда шаҳримиздаги “Давлат хизматлари маркази” ёнидаги павилонда ўтказилган тўй маросими давомида фуқаро Ж.С ҳам ўзининг ҳатти-ҳаракатлари билан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлди.

Яъни, у Ўзбекистон Республикасида ташкил этилган коронавирусга қарши курашиш махсус комиссиясининг 78-сонли йиғилиш баёнига кўра жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш вазифаларини бажараётган ички ишлар ходимларининг кўрсатмаларига амал қилмай маст ҳолатда уларнинг вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилади.

Охир -оқибат у ўз қилмиши билан суд олдида жавоб беришига тўғри келди. Яъни, Ж.С Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси, 194 моддаси 1-қисми ва 195 моддалари билан айбли деб топилди ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шуни унутмаслик лозимки бугун пандемия билан боғлиқ тартиб-қоидаларга амал қилиш лозим. Шу орқали сиз нафақат ўзингиз балки яқинларингизни ҳам ушбу касалликдан асрашда муносиб ҳисса қўшган бўласиз.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM