ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАРАКАТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚОИДАБУЗАРЛИК УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XVIII- бобида, барча турдаги транспорт воситаларида ҳаракатланиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

Транспорт воситаларига, жумладан, темир йўл, сув ва ҳаво транспорти, автомобиль транспорти, шунингдек, мотоцикл, мопед, велосипед, от-улов ва шу кабиларни киритиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 263, 267-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг субъекти ўн тўрт ёшга тўлган, ЖК 260- 262, 264- 266, 268, 269- моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг субъекти эса, ўн олти ёшга тўлган шахс ҳисобланади.

Ушбу ишларни  кўришда шахсда транспорт воситаларини бошқариш учун рухсатнома бор-йўқлиги касб этмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 260-262, 266, 268, 269-моддаларида назарда тутилган жиноятлар, ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш ёки бошқа қоидалар бузилиши хусусиятидан қатъий назар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган, деб эътироф этилади, чунки, бунда айбдор барча ҳолларда ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик билан ҳаракат қилади. Агар айбдор ҳаракатланиш ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини қасддан бузса, унинг қилмиши Жиноят кодексининг қасддан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.

Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса,-базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса,- муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш:

а) одамлар ўлимига;

б) ҳалокатга;

в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса,- муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳар судида ушбу тофидаги 10 нафар шахсга 10 та жиноят ишлари мазмунан кўрилиб, ҳал қилинган.

Йўл-автотранспорт натижасида кимнингдир  отаси, онаси, укаси, синглиси бевақт ҳаётдан кўз юмади ёки тан жароҳати олади. Шу сабабли, мазкур жиноятларнинг содир этилишини олдини олиш борасида, шаҳримиздаги маҳалла фуқаролари йиғинлари масъул ходимлари, маҳалла фаоллари, ИИБ ЙҲХБ инспекторлари ва бошқа мутасадди органлар ҳамкорлигида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориб, унда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларига амал қилишлари лозимлиги, йўл транспорт ҳаракати иштирокчилари ўзаро ҳурматда бўлиши ҳамда бу каби жиноятларни содир этганлиги учун келиб чиқадиган оқибатлари ҳақида батафсил тушунтириб боришимиз зарур.

Жаҳонгир АРСЛАНОВ,

Самарқанд вилоят судининг судьяси.

Абдусаттор Абдураззаков,

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси.

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM