ХУШХАБАР! КАТТАҚЎРҒОНДА БИРИНЧИ ИНСТИТУТ ОЧИЛДИ!

Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Давлатимиз раҳбари билан бўлган мулоқоти чоғида шаҳарда олий ўқув юрти очиш тўғрисида таклиф берган эди. Президентимиз бу таклифни маъқуллаб бир эмас иккита институт очишга рухсат берган эди.

Бу орада Каттақўрғон шаҳрини ривожлантириш бўйича Самарқанд вилоят ҳокими томонидан ҳамда турли вазирлик ва қўмита вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан шаҳардаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, анча йиллардан буён эътибордан четда қолиб келган шаҳарни намунали шаҳарга айлантириш, ривожлантириш бўйича кўплаб таклифлар, лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Айнан олий ўқув юрти очилиши масаласида шаҳарга ташриф буюрган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева институт очишга мўлжалланган жойларни кўздан кечириш асносида ҳамда кўплаб каттақўрғонликлар билан қилган суҳбати давомида илм-маърифатли, зиёли шаҳарга ҳақиқатдан ҳам институт очиш жуда керакли ва мақбул таклиф эканлигини таъкидлаган эди.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб жорий йилнинг сентябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги кўплаб истиқболли лойиҳалар кўзда тутилган ушбу қарорда Каттақўрғон шаҳрида 2 та институт филиалини ташкил этиш бўйича берилган таклиф зиёли шаҳарнинг зиёга интилган барча ёшларини, катта-ю кичикни жуда қувонтирган эди.

Бугун ушбу таклиф кучга кирди. Каттақўрғонлик ёшларнинг орзулари энди ҳақиқатга айланди.

Ва, ниҳоят куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ҳудудда педагогика, иқтисодиёт, транспорт логистикаси соҳаларининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, шунингдек, замонавий техника ҳамда технологияларни ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда эҳтиёжи юқори бўлган мутахассисликлар бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланади.

Институт филиали 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб илмга чанқоқ ёшларни қабул қилишни бошлайди. Ўқув машғулотлари Каттақўрғон шаҳридаги Амир Темур кўчасида жойлашган собиқ Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузуридаги 2-сон академик лицей биносида олиб борилади.

Каттақўрғонлик ёшларга, барча ҳамшаҳарларимизга янги зиё маскани муборак бўлсин деймиз.

Биз янги ўқув йилида иш бошлайдиган филиалнинг йўли равон бўлиб, келажакда шаҳримиз салоҳиятини янада ривожлантирадиган малакали мутахассисларни тайёрлашдек шарафли ишида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM