ШАҲАР ҲОКИМИ КАТТАҚЎРҒОНЛИК ҚАҲРАМОНЛАРНИНГ ХОНАДОНЛАРИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Ватанимиз мустақиллигини сақлаш йўлида ҳалок бўлган ватандошларимизни ҳар қанча эъзозласак, ҳурмат кўрсатсак арзийди. Ўз жонини Ватан осойишталиги ва сарҳадларимиз тинчлиги йўлида қурбон қилган йигитларнинг куч ва саботлари биз учун доим ҳақиқий жасорат ва фидойилик тимсоли бўлиб қолади.

Куни кеча шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова шаҳар ҳарбий қисм, шаҳар мудофаа бўлими иштирокида каттақўрғонлик ана шундай жасорат тимсоли бўлган қаҳрамонларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.

Дастлаб Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги жанговор ҳаракатларда иштирок этиб мардларча ҳалок бўлган ҳамшаҳримиз, “Жасорат” медали соҳиби Улуғбек Барноевнинг хонадонида бўлиб, унинг хотирасини ёдга олдилар. Суҳбат давомида қаҳрамоннинг отаси А.Барнаев Улуғбекнинг ёшлик даври, ҳарбийликка бўлган қизиқиши ва ажойиб инсонийлик ҳислатлари ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг ҳамшаҳарларимиз Баҳром Эргашев ҳамда Жамшид Расуловларнинг хонадонларида ҳам бўлдилар ва уларнинг кўрсатган мардлик, жасоратлари ҳақида суҳбатлашдилар.  

Ташриф давомида байрам совғалари тақдим этилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM