УЧРАШУВ САМИМИЙ ВА ҚИЗҒИН ТАРЗДА ЎТДИ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Каттақўрғон фарзанди Раъно Ярашева билан шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар кенгаши ташаббуси билан ташкиллаштирилган учрашувларнинг навбатдагиси шаҳар Драма театрида бўлиб ўтди.

Театрнинг 100 йиллиги ҳамда 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида ўтказилган тадбирга шаҳримиздаги “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари ва ижодкорлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, ижтимоий кўмакка муҳтож, ишсиз ва қийин вазиятга тушиб қолган аёллар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди ва шаҳримизда ҳам бу борада амалга оширилаётган ижобий ишларга тўхталди.

Шундан сўнг Раъно Ярашева сўзга чиқиб ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Қизғин ва самимий тарзда бўлиб ўтган учрашув иштирокчиларда катта таассурот қолдиргани шубҳасиз.

Шу куни театр директори Б.Тугаловнинг ташаббуси билан И.Буковчаннинг асари асосида театр бош режиссёри Хабибулло Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган "Луиджини юраги" номли спектакль ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

Ҳилола  ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM