ЖУРНАЛИСТЛАР, МАТБУОТ КОТИБЛАРИ ВА БЛОГЕРЛАР УЧУН ПРЕСС -ТУР ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ

Бугун шаҳримиздаги “Деҳқон” МЧЖ бозорида пресс-тур ташкил қилинди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамкорлигида бўлиб ўтган тадбирда журналистлар, матбуот котиблари ва блогерлар иштирок этдилар.

Дастлаб пресс-тур қатнашчиларини яқинда иш бошлаган “Деҳқон” МЧЖ бозори матбуот хизмати раҳбари Муроджон Яхёев бозорда харидорлар ва сотувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, озиқ-овқат, гўшт, мева-сабзавотлар, ун ва ун маҳсулотларини сотишга мўлжалланган расталарнинг ҳолати, бозордаги санитария-гигиеник ҳолат билан таништирди. 

Шундан сўнг бозор маъмурияти томонидан шу ҳудуддаги Кўзи ожизлар жамияти кутубхонасида тақдимот ҳам ўтказилди.

 

Унда “Деҳқон” МЧЖ раиси Исом Ильясов шаҳар аҳолиси тилида “Яшил бозор” дея ном олган бозорда амалга оширилган ва келгусида режалаштирилган ишлар хусусида маълумот берди.

-Асосий вазифамиз шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатиш даражасини ошириш, тадбиркорлар ва сотувчиларга шарт-шароитлар яратиш, савдо ўринларини санитария-гигиеник ҳолатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратишдан иборат. Ўтган давр ичида бу борада жамиятда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Харидор ва сотувчиларга шарт-шароитлар яратиш ва санитария ҳолатларини яхшилаш мақсадида ер ости сувлари чиқартирилиб, фойдаланишга топширилди. Жамиятимиз қошида Савдо харид корхонаси ташкил этилиб маҳсулотларни “Қўрғон Саховат Тайёрлов” МЧЖ харид корхонаси орқали деҳқон бозори ҳудудида савдосини ташкил этиш юзасидан 2 та савдо каппонлари (расталари) қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилди.

Кўрганингиздек, бозорга кириш жойида арзонлаштирилган савдо ярмаркаси растасини ташкил этдик. Бозорда фаолият юритадиган ходимларга қулайлик яратиш мақсадида барча хизмат хоналари тўлиқ таъмирланди.

Шунингдек, бозор ҳудудида ирригация тизимини яхшилаш мақсадида ариқларда таъмирлаш ишлари бажарилиб 200 метр узунликда бетон қопламалари билан қопланди.

Келгусида ҳам бу борадаги ишларни давом эттирамиз,- дея МЧЖ раиси бозор ҳудудида янгидан қурилиши режалаштирилган балиқ, туёқ бозорларининг ҳамда савдо дўконларининг лойиҳалари билан ҳам таништирди.

Журналистлар, матбуот котиблари ва блогерлар бозор маъмуриятидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Шу ернинг ўзида тадбир иштирокчилари Кўзи ожизлар жамияти кутубхонасидаги шароитлар билан ҳам танишдилар ва кутубхона ходимлари билан суҳбатлашдилар.

Ҳилола ЭРГАШЕВА

2015-2024 © Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM